Тошкент вилояти ҳокими кубоги
Мазкур от пойгаси иштирокчи отларнинг ёши ва улар мусобақалашадиган пойга масофасига кўра 8 йўналишда ташкил этилди.
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган “Ўзбегим отлари” от заводига қарашли отчопарда мустақиллигимизнинг 29 йиллигига бағишлаб от пойгаси бўйича Тошкент вилояти ҳокими кубоги ўтказилди.
Мусобақада Тошкент вилоятининг барча ҳудудларидан спортчилар ҳамда қўшни Туркманистондан келиб ҳамюртларимиз билан биргаликда ўқув-йиғин машғулотларида иштирок этаётган чавандозлар ҳам иштирок этди. Мазкур от пойгаси иштирокчи отларнинг ёши ва улар мусобақалашадиган пойга масофасига кўра 8 йўналишда ташкил этилди.
“Ўзбегим отлари” от заводида тарбияланаётган бир ярим ва икки ёшли тоза қонли инглиз отлари илк бор мусобақада синовдан ўтказилди. Отларнинг дебюти халқаро тоифадаги спортчи чавандозлар ва мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.
– Бу каби турнирлар орқали халқаро нуфузли мусобақалар учун етакчи чавандозлар ва чопқир отларни саралаб оламиз, – дейди Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раисининг ўринбосари – бош котиби Камол Худойбердиев. – Қолаверса, ички мусобақаларга ён қўшни давлатлардан чавандозларни таклиф этганмиз. Улар билан биргаликда ўқув-йиғин машғулотлари ўтказилмоқда. Бу эса спортчиларимизнинг улкан тажриба тўплашида ёрдам бермоқда.

