Тошкент – Осиё чемпионати мезбони
Эртага 18 сентябрь куни пойтахтимиздаги “Жар” спорт мажмуасида регби-7 бўйича 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги Осиё чемпионатига старт берилади.
Чемпионат низомига кўра, баҳсларда Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон регбичи қизлари ғолиблик учун кураш олиб боради.
Ўзбекистон регби федерацияси матбуот хизматининг маълум қилишича, чемпионатда иштирок этадиган жамоалар, Осиё регби федерацияси вакиллари, бир қатор хорижий мамлакатларнинг регби мутахассислари Тошкентга етиб келишган.
Кеча Бирлашган Араб Амирлиги ва Ҳиндистон жамоаларининг қизлари “Жар” спорт мажмуасининг захира майдонида чемпионат олдидан илк машғулотларни ўтказишди.

Бугун Осиё чемпионати олдидан Ўзбекистон регби федерациясида хорижий спорт жамоаларининг раҳбарлари, мураббийлар, ҳакамлар ва чемпионатни ўтказишга масъул бўлган бир қатор мутахассислар иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда қатнашган Ўзбекистон регби федерацияси раиси Содиқ Сафоев мусобақаларни ўтказиш билан боғлиқ жиҳатлар, хорижий меҳмонларнинг жойлашуви, ўйинлар ўтадиган майдоннинг ҳозирлиги каби қатор масалалар бўйича масъулларнинг ҳисоботини тинглади. Тегишли тавсиялар берилди.
Чемпионатнинг тантанали очилиш маросми эртага 18 сентябрь куни соат 11.00 да “Жар” спорт мажмуасида бўлиб ўтади.
Чемпионат дастурига биноан илк ўйин Ўзбекистон-Қозоғистон вакилалари ўртасида ташкил этилади. Шунингдек, вакилларимиз 18 сентябрь куни Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон жамоалари билан баҳслашади.
19 сентябрда эса куннинг биринчи ярмида саралаш баҳслари давом этса, куннинг иккинчи ярмида ярим финал ва финал беллашувлари ҳамда Осиё чемпионатининг ғолиб ва совриндор бўлган жамоаларини тақдирлаш маросимлари ўтказилиши режалаштирилган.
Т. Рўзиев, ЎзА