Тошкент лойиҳаларига Германия технологиялари жалб этилади
Тошкент шаҳрининг халқаро иқтисодий алоқалари ва хорижий инвестицияларни жалб этиш кўлами янги босқичга кўтарилмоқда. Пойтахт ҳокимлигида шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов ҳамда Германия ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида бўлиб ўтган учрашув бунга яна бир мисол бўла олди.
Мазкур мулоқот доирасида томонлар пойтахт инфратузилмасини модернизация қилиш ва ўзаро манфаатли истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
Хусусан, мулоқот давомида қурилиш, саноат, чиқиндиларни қайта ишлаш, экология, муҳандислик инфратузилмаси, энергетика, логистика, таълим ва тиббиёт соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Бунда, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш, иккиламчи хомашё олиш, замонавий қурилиш материаллари ва саноат ускуналаридан фойдаланиш, шовқин ва вибрацияни камайтириш технологияларини жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Шунингдек, сув таъминоти ва оқова сувларни бошқариш, иссиқлик тизимлари ва қозонхоналарни модернизация қилиш, саноат насослари, гидравлик тизимлар ҳамда энергия тежамкор технологияларни қўллаш имкониятлари кўриб чиқилди. Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, логистика ва транспорт йўналишларини ривожлантириш, немис компанияларини Тошкентдаги инвестиция лойиҳаларига жалб этиш ҳамда маҳаллий корхоналар билан бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашди.

Шу билан бирга, муҳокамаларда таълим соҳасида Германия тажрибасини ўрганиш, замонавий тиббий ускуналарни импорт қилиш ва маҳаллий тиббиёт маҳсулотларини Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Германия компанияларининг илғор тажрибаси ва технологияларини пойтахт лойиҳаларига жалб этиш ҳамда истиқболли қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш борасида фикр юритилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА