Тошкент ислом институтида замонавий исломий таълим ва ақидавий масалалар таҳлили
Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада мисли кўрилмаган тарихий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ана шу эзгу ишларнинг узвий давоми сифатида, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 55 йиллигига бағишланган «Долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалалар» мавзусидаги Республика илмий-амалий анжумани юқори савияда бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Фатво маркази, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, барча олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари раҳбарлари, таниқли уламолар, профессор-ўқитувчилар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Нуфузли тадбирда нотиқлар бугунги кунда ёшларнинг соғлом эътиқодини асрашда уламоларнинг масъулияти, Тошкент ислом институтининг диний таълим ва илмий салоҳиятни ошириш борасидаги ўрни ҳамда соҳада амалга оширилаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Бугунги шиддатли глобаллашув даврида Қуръони карим ва ҳадиси шарифнинг асл мазмун-моҳиятини тўғри англаш, ақидавий масалаларни илмий асосда ўрганиш ҳамда турли ёт ғояларга қарши илмий асосланган раддиялар бериш долзарб аҳамият касб этмоқда. Мазкур анжуман замонавий фиқҳий ва ақидавий масалаларни ҳанафий мазҳаби уламоларининг бой мероси асосида таҳлил қилиш ва ҳаётий ечимлар ишлаб чиқиш учун муҳим илмий майдон бўлиб хизмат қилди.

Таъкидлаш жоизки, 1971 йилда асос солинган Тошкент ислом институти ўтган 55 йил давомида бутун Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари учун етакчи диний кадрлар, муфтийлар ва мутафаккирларни етиштириб берган табаррук илм даргоҳи саналади. Бугунги кунга келиб институт фаолияти тубдан янгиланиб, бакалавриат ва магистратура босқичларида дунёвий ва диний билимлар уйғунлашган ҳолда ўқитилмоқда. Талабаларнинг халқаро нуфузли ислом университетларида малака ошириши йўлга қўйилиб, муассаса йирик илмий-тадқиқот марказига айланди. Келгусида бу ерда докторантура босқичини очиш ҳам режалаштирилган.

Анжуман доирасида Тошкент ислом институтининг тарихи ва битирувчиларининг жамиятда тинчлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси, Мотуридийлик таълимотининг ўзига хос хусусиятлари ва соғлом эътиқодни асраш борасидаги замонавий тадқиқотлар, замонавий фиқҳий муаммоларнинг илмий ечимлари ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази фаолиятининг ижтимоий ҳаётдаги аҳамияти, шунингдек, Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифни бугунги давр талаблари асосида тўғри талқин қилиш каби устувор йўналишларда долзарб маърузалар тингланиб, қизғин муҳокамалар ўтказилди.


Анжуман якунида долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалаларнинг илмий асосланган ечимлари юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда энг сара илмий мақола ва тезислар махсус тўплам шаклида нашр этилиши белгиланди. Шунингдек, тадбир доирасида мақолалар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими кўтаринки руҳда ўтказилди.
ЎзА