Тошкент ҳавосида PM заррачалари кўпайди
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизмати бу ҳақда маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йил 21 октябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳрида ҳаво сифати ноқулай метеорологик шароитлар таъсирида қисқа муддатга ўзгарди. Кечки ва тунги соатларда ПМ заррачалари миқдори ортиб, ҳаво сифати қисқа муддатга Халқаро ҳаво сифати индекси бўйича “сезгир гуруҳлар учун ноқулай” даражага етди. Миллий ҳаво сифати индексига кўра шаҳар ўртача кўрсаткичи ПМ2.5 бўйича “яшил”, ПМ10 бўйича эса “сариқ” даражада бўлди.
Тунда ер юзасига яқин ҳаво қатламида ҳароратнинг кескин пасайиши ва кучсиз шамол натижасида кучли ҳарорат инверсияси шаклланиб, атмосферанинг қуйи қатламларида ҳаво алмашинувини чеклади. Натижада ПМ2.5 ва ПМ10 заррачалари ер юзасига яқин қатламда тўпланиб, ҳаво ифлосланиши тунги ва тонгги соатларда сақланиб қолди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА