Тош даврига оид янги археологик объектлар ва петроглифлар аниқланди
Жиззах вилоятининг Зомин туманида олиб борилган археологик дала-қидирув ишлари давомида тош даврига оид бир қатор янги археологик объектлар аниқланди. Шунингдек, Шароф Рашидов тумани ҳудудидан қадимги қоятош суратлари мажмуаси топилди.
Жорий йил сентябрь ойида Маданий мерос агентлиги ҳамда Я.Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти мутахассислари томонидан Жиззах вилоятининг Зомин ва Шароф Рашидов туманларида археологик дала-қидирув ишлари ташкил этилди.
Тадқиқотлар натижасида Зомин туманининг Аччи, Пешагор ва Аржа қишлоқлари ҳудудларида тош даврига оид янги археологик объектлар қайд этилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, Аччи қишлоғининг шарқий қисмида палеолит даврига, Пешагор қишлоғида эса неолит даврига оид маконлар аниқланган. Аччи қишлоғининг ғарбий қисми ҳамда Аржа қишлоғи ҳудудларидан ҳам неолит даврига мансуб топилмажойлар аниқланди.

Мутахассисларнинг дастлабки хулосасига кўра, бир ҳудуднинг ўзида палеолит ва неолит даврларига оид ёдгорликларнинг аниқланиши Зомин воҳаси ҳамда Туркистон тизмасининг ушбу қисмида қадимги жамоалар узоқ тарихий даврлар давомида яшаганини кўрсатади.

Янги топилмалар тош даври жамоаларининг ҳудуд бўйлаб тарқалиши, яшаш муҳити ва хўжалик фаолиятини ўрганиш учун муҳим илмий манба бўлиши мумкин.
Археологик қидирувлар давомида Шароф Рашидов туманининг Равот қишлоғи ҳудудида ҳам муҳим топилма аниқланди. Равотсойнинг чап соҳилидан янги қоятош суратлари мажмуаси топилди.

Мутахассислар томонидан еттита сланец қоятош юзасида 30 га яқин петроглиф қайд этилган. Улар орасида овчи, тоғ эчкиси, қорамол, ит, қуёшсимон белгилар ҳамда камондан ўқ узаётган овчи тасвирлари мавжуд.
Дастлабки таҳлилларга кўра, мазкур қоятош суратлари бронза давридан илк ўрта асрларгача бўлган давр билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Мутахассислар фикрича, Зомин ва Шароф Рашидов туманларидан аниқланган янги археологик объектлар Жиззах воҳаси ва Туркистон тизмасининг қадимги тарихини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Улар орқали ҳудуддаги қадимги жамоаларнинг яшаш тарзи, тарқалиши ва маданий жараёнлари ҳақида янги маълумотлар олиш мумкин.
Келгусида мазкур ёдгорликларда кенг кўламли археологик тадқиқотлар ўтказиш, топилмаларни даврлаштириш, уларни илмий ҳужжатлаштириш ва тарихий-маданий аҳамиятини чуқур ўрганиш режалаштирилган.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА