Тўрт сатрга жамланган «1001 хазина»
Ўзбек, рус ва инглиз тиллардаги тўртликларни ўзида жамлаган “1001 хазина “ тўплами шеърият ихлосмандлари учун ўзига хос муносиб совға бўлди.
Ушбу китоб муаллифи Алишер Айматли (Эсиргап Болиев) ўтган асрнинг 80 йилларидан буён ширали тил ва чуқур таҳлилий тафаккурга эса журналист ҳамда тўртликлар ҳадисини олган шоир сифатида танилган.
Ҳозирга қадар муаллифнинг «Юрак мезонлари», « Арслон уяси», «Кўнгил ҳикматлари», ”60” номли китоблари нашр этилган ва ўқувчилар эътирофига сазовор бўлган.

Алишер Айматли тўрт сатрда инсон фитратидаги фазилату иллатлардан чиқарган хулоса ниҳоятда ўзига хос, шу билан халқона.
- Меҳр нима, айтинг, бобожон, -
Невараси бир кун сўради.
- Меҳр! Уни эшитгай ҳар кар,
Кўзи ожиз уни кўради.
Ярими ҳазил, ярими ҳақиқат сифатида айтилаётган бу каби тўртликлар “1001 хазина“ тўпламида жуда кўп учрайди. Мисол учун, «Истак» номли тўртликда шундай сатрлар бор:
– Устоз,-деди шогирд ровийга дадил,
Кўнгил мангу яшаш хоҳишга тўлар.
– Уйлан.
– Сўнг муродим бўлғайми ҳосил?
– Йўқ, йўқ. Мангу яшаш хоҳишинг ўлар.
Сўзнинг буюк қудрати ҳақида не-не улуғвор фикрлар айтилмаган. Бироқ, муаллифнинг тўртликларининг ҳаётилиги шундаки, ҳар бир ўқувчи бу ҳолат менга таниш, бундай воқеанинг гувоҳи бўлганман, ҳаётимда шунга ўхшаш ҳодисани кўрганман деб айтиши мумкин.
Сўз-фарзанд, гоҳ оқил, гоҳида тажанг,
Ўрин талашади сатрлар аро.
Бири сизга шуҳрат келтирар, қаранг,
Бири юзларингни этмишдир қаро!
«Академнашр» нашриётида тайёрланган минг нусхадаги мазкур китобда, келтирилган тўртликлар самимий ва соддалиги билан барча тилларда бирдек жаранглайди.
“1001 хазина“ тўпламидаги тўртликлар...
ХЎРОЗ
Ғафлатда қолманг, деб қичқирар, куйлар,
Одамлар деб турар ҳар тонг, ҳар куни.
Битта тухум дея товуқни сийлар,
Паловнинг тагига босарлар уни.
ҲЕЧ КИМ
Ҳеч ким ўзгартолмас бу дунёни, бас,
Гарчи минг уринар, минг бор куюнар.
Ахир, об-ҳавони ўзгартириб бўлмас,
Об-ҳавога қараб... фақат кийинар.
ҚОЧАДИ
Ҳаёт-ҳаёт, доим ғолиб қочади,
Юзимга ажинлар солиб қочади.
Мени енгдим дея ўйлама, ҳаёт,
Неварам ҳассамни олиб қочади.
ЧЕРДАК
Одам хотираси чердакдир гуё,
Ҳамма нарсадан бор-даркор-нодаркор,
Дўстлик ушоғи, бахт синиғи, ҳатто
Ёлғонга ўралган ҳақиқат ҳам бор.
ЎзА