Тўрақўрғонда боғчалар яна биттага кўпайди
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Олчин маҳалласида “Уста Эргашали Аҳмедов” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Улуғбек Аҳмедов ташаббуси билан “Моҳинур Мухлиса зиё” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти қуриб фойдаланишга топширилди.
120 ўринли боғчада 3-7 ёшдаги болажонлар тўртта гуруҳда асосан рус ва инглиз тили йўналишлари бўйича тарбияланади. Эътиборлиси, 20 нафар тарбияланувчи имтиёзли равишда бепул қатнайди.
Тадбиркорнинг 2 миллиард сўм шахсий маблағи эвазига барпо этилган боғчанинг очилиш маросимида қатнашган Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов маҳалла аҳлини шундай ажойиб даргоҳ билан табриклаб, болажонларга Янги йил совғаларини улашди. Мана шундай муассасаларни қуриш истагидаги тадбиркорларнинг лойиҳалари қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
[gallery-574]
Маълумот ўрнида, бугунги кунда Тўрақўрғон туманида 43 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 3 та хусусий ва 133 та оилавий боғча фаолият юритмоқда. Болаларни қамраб олиш даражаси 66 фоизга етди.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА