Тўқсонбости: ердан қўшимча ҳосил олиш имкони
Ердан бир мавсум эмас, йил давомида унумли фойдаланиш қишлоқ хўжалигида қўшимча маҳсулот етиштиришнинг муҳим омилларидан бири. Боёвут туманида ўтказилган амалий семинарда тўқсонбости экинларини экиш, уларни парваришлаш ва бўш ер майдонларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Вилоятдаги AKIS — Агрохизматлар марказида ташкил этилган тадбирда фермер ва деҳқон хўжаликлари вакиллари, томорқа ер эгалари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этишди.
Семинарда кузги мавсумда пиёз ва саримсоқпиёз экиш, шунингдек, тўқсонбости усулида сабзавот ва кўкатлар етиштиришнинг муҳим жиҳатлари тушунтирилди. Ерни экишга тайёрлашдан тортиб, уруғлик танлаш, экиш муддати ва меъёри, суғориш, ўғитлаш, бегона ўтлар ҳамда касаллик ва зараркунандаларга қарши курашишгача бўлган жараёнлар бўйича тавсиялар берилди.

Тўқсонбости экинларини етиштиришда энг муҳим жиҳатлардан бири — экиш муддатини тўғри танлаш. Совуқ тушиши ва намгарчилик бошланишидан олдин совуққа чидамли экинларни экиш уларнинг баҳорги ривожланиши учун қулай шароит яратади. Сабзи, кўк пиёз, ош лавлаги, карам, исмалоқ, укроп, петрушка ва кашнич каби экинлардан фойдаланиш мумкин.

— Тўқсонбости экинларидан юқори ҳосил олиш, аввало, ерни сифатли тайёрлаш ва экиш муддатига риоя қилишдан бошланади. Ҳудуд шароитига мос, совуққа чидамли уруғлик танлаш, экинларни меъёрда суғориш ва парваришлаш, бегона ўтлардан тоза сақлаш муҳим. Зарур ҳолларда касаллик ва зараркунандаларга қарши ҳимоя чоралари ҳам ўз вақтида кўрилиши лозим.
Бу усул асосий экинлардан бўшаган майдонлар, боғ қатор оралари ва томорқалардан самарали фойдаланиб, қўшимча маҳсулот ва даромад олиш имконини беради. Семинарда иштирокчиларга мазкур жараёнларни тўғри ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар берилди, — деди Сирдарё вилояти Агрохизматлар маркази илмий ходими Дониёр Тожибоев.

Тадбир давомида томорқа, боғ қатор оралари ва дала четларида мавсумга мос экинларни жойлаштириш имкониятлари ҳам кўрсатиб берилди. Иштирокчилар мутахассисларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, экинларни етиштириш ва парваришлаш бўйича амалий тавсиялар олишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири