Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томорқа хазинага ўхшайди, лекин унинг калити илмдалигини англамаганлар ютқазаверади

Президент ташрифидан сўнг...

Бугун уруғни ерга қадаб, ҳосилнинг чўғини кутиб ўтиришнинг ўзи камлик қилади. Мавзу юзасидан мақола тайёрлаш жараёнида бир ҳолат эътиборимизни тортди.  Айтайлик, қўшниларда олти сотихдан томорқа бор. Ер ва меҳнат бир хил, аммо олинадиган ҳосил ҳамда даромад кескин фарқ қилади. 

Анъанавий деҳқончилик тажрибаси бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермай қўйди. Дунё агросаноати тез суръатларда ўзгармоқда. Маҳсулот етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, бозорга чиқариш бир занжирга айланди.

Томорқа эгалари эса ана шу занжирнинг ҳар бўғинида замонавий билимга эга бўлмаса, йиллар давомидаги меҳнати кутилган самарани бермаслиги табиий.

Бугунги кунда агротадбир фақатгина кетмон ва меҳнат билан баҳоланмайди. Бу аниқ ҳисоб-китоб, фан, технология ва бозор таҳлили асосида юритиладиган йўналишга айланди. 

[gallery-28067]

Томорқани рўзғор учун бир-икки турдаги маҳсулот етиштириладиган майдон деб қараш эски тасаввурдир. Ҳар қарич ерда фойдa, қўшимча қиймат, турли мавсумда бозорга чиқиш имконияти ётади. Шу боис томорқани илмий ёндашувсиз бошқариш имкониятларни йўқотиш билан баробар саналади.

“Президент ташрифидан сўнг...” рукнида бу гал ва айнан томорқа маданиятини янги босқичга олиб чиқиш ҳақида тўхталамиз.

Президент Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз туманидаги “Томорқа мактаби” фаолияти билан танишгани бежиз эмас. Бу мактаб ҳудудлар янги авлод деҳқончилигини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Ташкил этилган аграр таълим майдони вилоятнинг иқлим имкониятларига тўла мос. Аҳолининг томорқалардан самарали фойдаланиши, сердаромад экин турларини жорий этиши, маҳсулотни сақлаш ва қадоқлашнинг замонавий усулларини ўрганишига кенг шароит яратилган.

Энг муҳим жиҳати, бу ерда ишсиз ёки кам таъминланган оилаларга барқарор даромад манбаи яратиш бўйича тизимли ёндашув ишламоқда. Деҳқончиликнинг илмий асослари, юқори даромадли маҳсулот етиштириш, суғориш технологиялари, иссиқхона хўжалиги амалий тарзда ўргатилади.

Муассасада 3 гектар иссиқхона, 3 гектар тажриба майдони, замонавий ўқув корпуси мавжуд. 

–  Сурхондарё каби қуёшли кунлар кўп бўлган ҳудудда иссиқхоналар тармоғини кенгайтириш иқтисодий жиҳатдан тўлиқ ўзини оқламоқда, – дейди қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов. – Президент ташрифи давомида бу тажрибани оммалаштириш, илм ва амалиётни янада боғлаш, бўш ерларни айнан шу модель орқали жонлантириш бўйича топшириқ берилди.Вилоятда ердан йилига беш мартагача ҳосил олиш тажрибага кириб бўлди. Бу тажриба ўзини оқлаяпти. Энди бу ёндашувни ўзлаштирилаётган янги майдонларда, шунингдек, фойдаланилмай турган қаровсиз ерларда кенг жорий этиш зарур. Етиштирилаётган маҳсулотларни қайта ишлаб, қўшимча қиймат яратиш ишларини ҳам янада кенгайтириш лозим. Чунки бу турдаги маҳсулотларга ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам талаб юқори.

Ҳозирда бу ердаги иссиқхоналарда банан, папая, розмарин, лаванда каби маҳсулотлар билан бирга лимон, анжир, брокколи, булғор қалампири ва хризантема парваришланмоқда. Томчилатиб суғориш тизими, қаторлар орасида қўшимча маҳсулот етиштириш, сув тежамкор агротехнологиялар амалиётга жорий қилинган.

Шу пайтгача 1 300 нафарга яқин ишсиз ва кам таъминланган фуқаро “Томорқа мактаби”да ўқувларни тамомлаб, ўз томорқасида ёки ижара ерларида даромад топишни бошлаган. Ҳоким ёрдамчилари орқали йилига 2 700 нафаргача аҳоли ўқишга йўналтирилади. Тингловчилар учун йўлланма ваучер орқали ўқиш харажатлари қопланиши ҳам самарасини оширмоқда.

Ўқувларда юқори даромадли экинлар экиш ва бир сотих ердан 10-15 миллион сўм даромад олиш методикаси амалий кўрсатилади. Уруғ ва кўчатлар агростарлар томонидан тақдим этилади. Етиштирилган маҳсулот бозорга чиқишда кўмаклашилади.

Бу билим ва тажриба аллақачон ўз самарасини бера бошлаган. Жарқўрғонлик Рустам Алламуродов шулардан бири. Унинг томорқасида йил давомида очиқ майдонда икки, иссиқхонада эса тўрт марта ҳосил олинмоқда.

– Ерда хато кечирилмайди, бир марта адашсангиз, бутун мавсумни ютқазасиз, – дейди томорқа эгаси Рустам Алламуродов. – “Томорқа мактаби”да тажриба тўплаб хатони олдиндан кўра бошладик. Помидор, бодринг, пиёз, редиска, картошка экамиз. Булар ўз вақтида, пешма-пеш ҳосилга кириб, бозорга чиқади. Меҳнатимиз самарасини, даромадни ҳар ой  кўриш қувонарли.

Томорқа фақат рўзғорни таъминловчи майдон эмас, балки кичик бизнес, янги технологиялар синаб кўриладиган “лаборатория” эканини англаб етаётган хонадонлар сони ортмоқда. “Томорқа мактаби” эса халқимизнинг деҳқончилик маданиятини янада оширишга хазмат қиладиган муҳим лойиҳалардан бири сифатида ўзини кўрсатмоқда. Зеро, ер меҳр билан бирга илм талаб қилади. 

Икром АВВАЛБОЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат),
ЎзА мухбирлари