Томчилатиб суғориш: қулай ва тежамкор
Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги “Косонсой интенсив боғлари” масъулияти чекланган жамиятида томчилатиб суғориш технологияларини ривожлантириш масалаларига бағишланган вилоят кўргазмали семинари бўлиб ўтди.
Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги “Косонсой интенсив боғлари” масъулияти чекланган жамиятида томчилатиб суғориш технологияларини ривожлантириш масалаларига бағишланган вилоят кўргазмали семинари бўлиб ўтди.Унда вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси, энергетика ва алоқа, “Норин-Сирдарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, насос станциялари, боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, вилоят Фермерлар кенгаши, уларга хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотлар масъул ходимлари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида аҳолининг озиқ-овқат, хусусан, мева маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириб бориш мақсадида кичик ва ярим кичик бўйли интенсив боғлар барпо этишга эътибор қаратилаётгани боғдорчиликнинг янада истиқболли соҳага айланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Иштирокчилар “Косонсой интенсив боғлари” масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилаётган ишлар мисолида интенсив боғ яратиш ва уни парваришлашда сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланиш борасида эришилаётган ютуқлар билан танишди.
Интенсив боғдорчиликка ихтисослашган мазкур хўжалик жорий йилда ташкил этилган бўлиб, сув тақчил, пахтачиликда ҳосилдорлиги паст 285 гектар майдонни ўз тасарруфига олган. Эрта баҳорда хўжалик ерларига Греция ва Польша давлатларидан келтирилган 207 минг туп шафтоли, 20 минг туп ўрик кўчати ўтқазилиб, пакана ва ярим пакана, эрта ҳосилга кирадиган интенсив боғ яратилди. Ушбу лойиҳа доирасида 30 дан зиёд янги иш ўрни яратилди, 150 нафар киши мавсумий иш билан таъминланди.
Янги боғни парваришлашда, айниқса, сувдан омилкорлик билан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди. Чунончи, эндиликда ўрнида боғ яратилган ушбу 300 гектарга яқин майдон илгари тўртта катта насос тизими ёрдамида суғорилар ва бу катта сарф-харажат, маҳсулот таннархининг қимматлашуви, сув исрофгарчилигининг ошиб кетишига сабаб бўлар эди. Энг ачинарлиси, ҳосил тақдири ҳал бўладиган долзарб ёз мавсумида сув етишмовчилиги муаммоси юзага келарди.
– Шундай муаммоларни бартараф этиш, кам маблағ ва меҳнат сарфлаб юқори ҳосил олиш мақсадида боғда Исроил технологияси бўйича томчилатиб суғориш усулини жорий этдик, – дейди “Косонсой интенсив боғлари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Саъдулла Тўрахўжаев. – Бу технология сув сарфини 60 фоизга камайтиради. Шунингдек, боғ оралаб ариқ қазиш, уларни ҳар йили тозалаб туриш, мева дарахтларини ўғитлаш ва дорилаш каби ишларда ҳам меҳнат ва вақтни тежаш имконини беради.
Томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун боғ майдонлари атрофига ерости қувурлари, кўчатлар қатори устидан эса юмшоқ эгилувчан полимер шланглар тармоғи тортилди. 180х80 метр ўлчамдаги сув ҳавзаси қурилиб, сувни каналдан тортиб олиш, тозалаш ва суғориш тармоқларига узатиб бериш қурилмалари ишга туширилди. Натижада соатига 80-100 литр сув билан бутун хўжалик боғларини бир маромда суғориш, ўғитлаш ва дорилаш имконияти яратилди.