"Токио–2020": делегациямиз таркибида ўзгариш
"Токио–2020" Олимпия ўйинларида иштирок этадиган делегациямиз таркибида кичик ўзгариш юз берди, деб хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Аввалги таркибда Халқаро сузиш федерациясининг рейтинги асосида Хуршиджон Турсунов 100 метрга эркин, Юлдуз Қўчқорова 100 метрга брасс усулида сузиш бўйича Олимпиада йўлланмаларига сазовор бўлгани таъкидланган. Бироқ Юлдуз Қўчқорова узоқ муддатдан бери терма жамоа таркибида йиғинларда иштирок эта олмаётгани, ҳозирги кунда Америка Қўшма Штатларида бўлгани учун бўлажак Олимпиадада иштирок эта олмаслиги ойдинлашди. Унинг ўрнини 50 метрга эркин усулда сузиш дастурида Наталья Критинина тўлдирадиган бўлди.
Ушбу ўзгаришни Халқаро сузиш федерацияси тасдиқлади ва "Токио–2020" йўлланмаси Наталья Критининага тақдим этиладиган бўлди.
Шу тариқа бўлажак Олимпия ўйинларида делегациямиз аъзолари 17 спорт туридан 71 та йўлланмани қўлга киритишди. Унда иштирок этадиган спортчиларимиз сони эса 67 тани ташкил этиб, уларнинг 30 нафари аёллардир. Бу умумий делегациямизнинг 45 фоизига тенг кўрсаткичдир. Таъкидлаш лозим, Олимпия ўйинларида аёл спортчиларнинг иштирок этиши бўйича Токиода мутлақ рекорд ўрнатамиз.
Шубҳасиз бундай кўрсаткич Президентимиз томонидан мамлакатимизда хотин-қизлар спортини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор маҳсулидир. Қолаверса, бу Халқаро Олимпия қўмитаси тарғиб қилаётган гендер тенглик сиёсатининг мамлакатимиз мисолидаги амалий ифодаси ҳамдир.
ЎзА