Тинчликни асрашга ундовчи концерт
Тинч ва осуда кунларимиз, бошимиз узра мусаффо осмон, бехатар ва осойишта ҳаётимиз энг катта бойлигимиздир.
Пойтахтимиздаги “Central Park” боғида 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган концерт дастурида тинчлик, осуда кунларни тараннум этувчи ажойиб қўшиқлар янгради.

Мусиқий дастур давомида Ўзбекистон Давлат филармониясининг “Сўғдиёна” миллий чолғулар камер оркестри иштирокидаги дилга яқин, қадрдон қўшиқлар тингловчилар жўровозлигида ижро этилди.
Ўзбекистон давлат филармонияси "Сўғдиёна" халқ чолғулари камер оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор Фируза Абдураҳимова ва моҳир дирижёр, халқаро танловлар лауреати Қаҳрамон Бозоров дирижёрлик қилди.

Ижро давомида гоҳ тингловчиларнинг кўзларига ёш келса, гоҳи улар санъаткорлар билан биргаликда қўшиқ куйлади. Айниқса, Ғафур Ғулом сўзи, Икром Акбаров мусиқаси билан куйланувчи “Сен етим эмассан”, Расул Ҳамзатов сўзи, Ян Френкел мусиқаси билан айтилувчи “Турналар”, Владимир Харитонов сўзи, Давид Тухманов мусиқаси асосидаги “Ғалаба куни” қўшиқлари, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Нидо” достонига Зумрад Туйчиева томонидан ёзилган “Алла” мусиқаси ва бошқа мусиқий композициялар санъат мухлисларида катта таассурот уйғотди.
Н.Усмонова, ЎзА