"Times of Oman" Ўзбекистон Президентининг ташрифини биринчи саҳифасида ёритди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Ўмон Султонлигида бўлиб турибди. Давлатимиз раҳбарининг ташрифи ва олий даражадаги музокаралар тафсилотлари Ўмоннинг етакчи нашрларидан бири, "Times of Oman" газетасининг 17 ноябрдаги сонида кенг ёритилди.
Газета ўзининг биринчи саҳифасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид учрашуви ҳақидаги хабарни асосий материал сифатида эълон қилди.
Нашрнинг ёзишича, икки давлат раҳбари Масқат шаҳридаги “Ал-Аълам” саройида расмий учрашув ўтказган. Музокаралар аввалида Ўмон Султони Ўзбекистон Президенти ва унга ҳамроҳлик қилаётган делегация аъзоларини самимий қутлаган. Шавкат Мирзиёев эса илиқ қабул ва юксак меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирган.
Учрашувда томонлар икки халқни боғлаб турган чуқур тарихий ва маданий алоқаларни алоҳида таъкидлаган. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва шериклик муносабатларини янада ривожлантириш муҳимлиги қайд этилган. Шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган. Газетанинг учинчи саҳифасида Ўзбекистон Президенти шарафига ўтказилган расмий кутиб олиш маросими фотосуратлар билан батафсил ёритилган.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев 16 ноябрь куни икки кунлик давлат ташрифи билан Масқат шаҳрига етиб келган. Аэропортда олий мартабали меҳмонни Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид шахсан кутиб олган. “Ал-Аълам” саройидаги расмий маросимда Ўзбекистон Президенти шарафига 21 марта тўпдан салют отилган. Ҳарбий оркестр ижросида Ўзбекистон давлат мадҳияси янграб, икки мамлакат расмий делегациялари аъзолари таништирилган.
“Times of Oman” нашри Ўзбекистон Президенти шарафига уюштирилган расмий қабул маросими ҳақида ҳам алоҳида тўхталган. Унда давлат раҳбарлари тадбир олдидан олий давлат мукофотлари ва эсдалик совғаларини алмашгани қайд этилган. Хусусан, Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид Президент Шавкат Мирзиёевни “Ол-Саид” ордени билан тақдирлаган. Ўзбекистон Президенти эса Ўмон Султонига “Олий Даражали Дўстлик” орденини топширган.
Газета мазкур маросимларни икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам дўстлик муносабатларининг ёрқин ифодаси сифатида баҳолаган.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА