Тил – жамиятнинг асосий таянчидир
Тил - сарчашма булоқ ва у миллатнинг маърифати, маданияти, қадрияти, қолаверса, дунёқарашини белгиловчи мезондир.
Дунёда жуда кўп тиллар бор, улардан саноқлисигина давлат тили даражасини олган. ЮНЕСКОнинг берган маълумотларига кўра, ҳозирда 6909 та тил бор ва улардан 200 га яқини расмий тил мақомини олган. Шулар қаторида ўзбек тилининг ҳам борлиги қалбимизни ғурурга тўлдиради.
Инсонга ота-онаси, Ватани қанчалик қадрли бўлса, ўз тили ҳам шу қадар азиз ва муқаддасдир. Чунки гўдак айнан ўз тилида айтилган она алласининг жозибаси билан дунёни таний бошлайди. Шу туфайли тил онага қиёсланади. У билан инсон улғайиб камолотга эришади, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлади. Бу фикримизнинг исботи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқини келтиришимиз мумкин: «Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин».
Кўп минг йиллик тарихга эга ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш йўлидаги курашлар бесамар кетмади. 1989 йил 21 октябрда узоқ кутилган орзу амалга ошди. Шундан сўнг давлат ҳужжатлари, дарсликлар ва даврий нашрлар ҳам ўзбек тилида чоп этила бошланди.
Ҳар йили бу кунни катта байрам сифатида нишонлаш анъанага айланди. Aйниқса уни турли шиорлар устида ўтказиш ўзгача завқдир. Масалан, «Она тилим – жону дилим», «Тил – миллат кўзгусидир» ва «Тилга эътибор – элга эътибор». Шу куни барча олий ва ўрта махсус таълим масканларида турли тадбирлар бўлиб ўтади. Шу қатори Тошкент шаҳар Ислом академияси қошидаги «ЗИЁ-ЗУККО» умумтаълим мактабида ҳам ўзбек тилига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Уни очиб бериш учун мактаб директори Наргиза Исматова сўзга чиқиб, тилимизнинг бундай даражаларга эришиши осон бўлмаганини, аждодларимиз чеккан заҳматлар ҳақида тарихий воқеаларни мисол келтирди. Шундан сўнг «Она тилим – омон бўл мангу» шиори остида мактаб ўқувчилари Юсуф Хос Ҳожиб, Aбдураҳмон Жомий, Aлишер Навоий, Саъдий Шерозий, Миртемир ва Aбдулла Орипов асарларидан парчалар ўқиди. Ёшларнинг тарихий асарлардан бохабарлиги ва уларни мутолаа қилиши таҳсинга лойиқ. Турфа шеърлар, рақслар ва саҳна кўринишлари жой олган бу тадбир жуда қизиқарли ва мазмунли бўлиб ўтди.
Тил – жамиятнинг асосий таянчидир. Уни шунчаки мулоқот воситаси дегувчилар қаттиқ адашади. Ҳар бир халқ ва миллат, давлат ва жамиятнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини, унинг мавжудлигини биргина омил – она тили намоён қилиб туради.
Шундай экан, тилимизни эъзозлаш, унинг жамиятдаги мавқейини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб маънавий бурчимиз бўлиб қолаверади.
Aзиза AҲМEДОВA,
Тошкент Халқаро Ислом Aкадемияси
қошидаги «ЗИЁ-ЗУККО умумтаълим
мактаби» НТМ она тили ўқитувчиси