Тил, таълим ва муштарак қадриятлар: Ўзбекистон – Озарбайжон ҳамкорлигининг янги босқичи
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари иттифоқчиликнинг сифат жиҳатидан янги босқичига кўтарилмоқда. Бу жараён аввало, икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги мунтазам ташрифлари, яқин ва ишончли мулоқотлари ҳамда сиёсий иродасига таянади.
Шу билан бирга, халқларимизнинг муштарак тарихи, маданий яқинлиги, тил ва маънавий қадриятлари бугунги геосиёсий ва геоиқтисодий манфаатлар билан уйғунлашиб бормоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги олий даражадаги шериклик эса иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, энергетика, маданият ва таълим соҳаларида амалга оширилаётган йирик қўшма лойиҳаларда яққол намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Илҳомжон Тўхтасинов фикрича, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичи таълим соҳасидаги ҳамкорликни ҳам сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқмоқда. Айниқса, икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида йўлга қўйилаётган тўғридан-тўғри алоқалар, профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинуви, илмий-тадқиқот ҳамда тил ва маданиятни ўрганишга қаратилган қўшма лойиҳалар бу ҳамкорликнинг амалий самарасини яққол намоён этмоқда.

– Ҳозирги кунда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (ЎзДЖТУ) 40 дан ортиқ давлатнинг 200 дан ортиқ етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолаган. 2025 йил 30 май куни университетимиз базасида Озарбайжон тили ва адабиёти марказини ташкил қилдик ва жорий йил февраль ойида Боку шаҳридаги Озарбайжон хорижий тиллар университетига ташриф буюриб, улар билан ҳамкорлик шартномасини имзоладик.
Эътиборлиси, у ерда Ўзбек тили ва адабиёти марказини ташкил қилиш имкониятига ҳам эга бўлдик. Имзоланган меморандум асосида Озарбайжондаги профессор-ўқитувчиларни Ўзбекистонга, ЎзДЖТУ ўқитувчиларини эса Бокуга малака оширишга юбориш имконияти юзага келди.
Қайд этиш керакки, бугунги кунда 15 нафар профессор-ўқитувчиларимиз Озарбайжон хорижий тиллар университетида малака ошириш ва стажировка ўташ имкониятига эга бўлди. 3 нафар докторантимиз у ерга бориб таҳсил олиш, мустақил изланувчилик ишларини олиб борди. Уч нафар талабамиз эса қисқа муддатли стажировка ўтаб келди. Озарбайжонлик 15 нафарга яқин киши юртимизда малака оширди. Айниқса, 6 нафар мустақил тадқиқотчининг ЎзДЖТУга тадқиқотчи сифатида рўйхатдан ўтганлиги бизни ҳам қувонтиради албатта.
2025/2026-ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Озарбайжон тили учинчи тил сифатида татбиқ этилди. Ўлкамизга ташриф буюрган 4 нафар Озарбайжон хорижий тиллар университети профессорлари талабаларимизга озарбайжон тилидан дарс беришни бошлади. Университетимизда озарбайжон тилини ўрганишга қизиқиш катта ва талабаларимиз, ушбу қардош юртнинг тилини, маданиятини, адабиётини ҳамда тарихини яқиндан ўрганмоқдалар.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг мамлакатимизга давлат ташрифи, аввало, нафақат ҳукумат даражасида имзоланадиган шартномалар, балки олий таълим соҳасидаги келишувлар орқали ҳам икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва уни янги босқичга олиб чиқиш учун катта имкониятлар яратади, деб ўйлайман.
Ўткир АЛИМОВ,
ЎзА