TIKA кўмагида ўқув-семинар ташкил қилинди
Шу кунларда Туркиянинг шиша ва заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаси етакчи экспертларидан иборат делегация мамлакатимизда бўлиб турибди. Мазкур ташриф доирасида Тошкентда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда қардош давлат Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) ташаббуси билан илк бор маҳаллий корхоналар мутахассислари малакасини оширишга қаратилган ўқув-семинар ташкил этилди.
Анжуман 2024 йил июнь ойида Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Туркия ўртасидаги Стратегик шериклик кенгаши 3-йиғилиши доирасида икки давлат раҳбарлари тасдиқлаган ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадини кўзлаган.

Ўшанда томонлар республикамиз саноати 6 хил соҳасини Туркия илғор тажрибаси асосида ривожлантириш, дастлабки босқичда диёримизда турк стандарти асосида маҳаллий соҳа мутахассислари малакасини оширишга келишилган эди.
Ҳозир Ўзбекистонда маиший шиша идишларга талаб юқори. Мавжуд салоҳиятдан фойдаланиб, ички эҳтиёжни тўлиқ қондириш, сўнгра экспорт қувватини кучайтириш назарда тутилган.

Тренинг давомида хорижлик экспертлар ишлаб чиқариш самарадорлиги, маҳсулот сифати ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш борасидаги билими ва тажрибаси билан бўлишмоқда. Дастурдан тайёр шиша идишлар сифатини яхшилаш, илғор усулларни қўллаган ҳолда, маҳсулотга ташқи ишлов бериш, технолог ва кимёгарларни илғор тажриба билан таништириш мавзулари ҳам ўрин олган.
Машғулотларда маиший шиша ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Asl oyna”, “Kvarts”, “Zaravshon oyna”, “Mingyuan Silu industry”, заргарлик йўналишида фаолият юритаётган “Caravan silver”, “Nur Star jewerly”, “SofiZar”, “Global universal servis” каби корхоналар вакиллари қатнашмоқда.
Ўқув дастурлари саноатга инновацион ёндашувларни татбиқ этиш, миллий дизайн анъаналарини замонавий технология билан уйғунлаштириш ҳамда Ўзбекистон заргарлик маҳсулотларини халқаро майдонда рақобатбардош даражага олиб чиқишга қаратилган.

Мутахассисларимиз олаётган билими, орттираётган тажрибасини маҳаллий корхоналарда фаол қўллаб, ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ қилиш имконига эга бўлади. Натижада маҳсулотларимизнинг нафақат ички бозор, балки халқаро миқёсдаги рақобатбардошлилиги ҳам таъминланади.
1 мартга қадар давом этадиган тренинг якунида иштирокчиларга TIKA томонидан махсус сертификат топширилади. Шунингдек, жорий йил апрель ойида мутахассисларимизнинг Туркияга сафари ташкил этилиб, уларни маиший шиша идишлар ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар фаолияти билан яқиндан таништириш режалаштирилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА