Тиббиётдаги ислоҳотлар ҳар бир хонадонга кириб бормоқда
“Инсон қадри учун” тамойили бугунги кунда давлат сиёсати ва барча ислоҳотларнинг бош ғоясига айланди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ушбу эзгу тамойилнинг энг ёрқин амалий ифодасини айнан соғлиқни сақлаш тизимидаги шиддатли ўзгаришлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Йиллар давомида тўпланиб қолган тизимли муаммоларни ҳал этиш, тиббий хизмат сифатини жаҳон андозалари даражасига кўтариш ва энг муҳими – тиббиётни ҳар бир оила, ҳар бир хонадонга яқинлаштириш мамлакат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида ҳудудларда аҳоли билан ўтказилаётган очиқ мулоқотларда, тиббиёт муассасалари фаолиятини бевосита ўрганиш жараёнида бир ҳақиқатга қайта-қайта амин бўлмоқдаман, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар шунчаки рақамлар ёки баландпарвоз ҳисоботларда эмас, балки ҳар бир юртдошимизнинг кундалик ҳаётида, уларнинг кайфияти ва эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишончида ўз аксини топмоқда.
Хусусан, сўнгги йилларда соҳани молиялаштириш ҳажми 8 баробардан зиёд оширилиб, нафақат пойтахтда, балки энг чекка ҳудудларда ҳам сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Замонавий 652 та янги тиббиёт муассасасининг барпо этилиши ва хусусий секторга кенг йўл очилиши тиббий хизматлар ҳажмини 3 карра кўпайтиришга хизмат қилди. Бундан ташқари, юқори малакали шифокорларни тайёрлаш ва уларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилгани эвазига илгари фақат хорижда бажарилган 100 дан ортиқ мураккаб диагностика ва даволаш амалиётлари бугун юртимизда муваффақиятли ўтказилмоқда.

Тиббиёт соҳасидаги бу каби туб ислоҳотларнинг энг асосий ва қимматли натижаси, энг аввало, халқимиз саломатлиги кўрсаткичларида ва аҳоли турмуш даражасида ўз аксини топмоқда. Рўёбга чиқарилаётган тизимли чора-тадбирлар сабаб мамлакатимизда гўдаклар ва оналар ўлими кўрсаткичи 4 баробарга камайишига эришилди. Энг қувонарлиси, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилга келиб 75,4 ёшга узайтирилгани Янги Ўзбекистонда инсон саломатлиги ва фаровонлиги йўлидаги ислоҳотлар қанчалик тўғри ва самарали олиб борилаётганидан далолат беради.
Юқорида айтиб ўтганимдек, соҳадаги энг катта тарихий бурилишлардан бири биринчи бўғин тиббий-санитария ёрдами тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва “оилавий тиббиёт” институтини мутлақо янги босқичга олиб чиқилиши бўлди. Шу пайтгача чекка маҳаллаларда яшовчи фуқароларимиз оддийгина кўрик ёки таҳлил учун ҳам туман марказига боришга мажбур эди. Бугун эса юзлаб янги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар айнан аҳоли гавжум жойларда барпо этилди. “Тиббиёт бригадалари”нинг ташкил этилиши, маҳаллабай ва хонадонбай ишлаш тизимининг жорий этилиши натижасида касалликларни илк босқичда аниқлаш кўрсаткичлари бир неча баробарга ортди.
Скрининг дастурлари орқали юрак-қон томир, қандли диабет ва онкологик касалликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу ислоҳотларнинг туб моҳияти шундаки, тиббиёт энди беморнинг шифохонага келишини кутиб ўтирмайди, балки касалликни барвақт жиловлаш учун ўзи инсон хонадонига кириб бормоқда.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги бюрократия, узун навбатлар ва норасмий тўловлар каби салбий ҳолатларга чек қўйишнинг энг самарали ва ягона йўли – тизимни тўлиқ рақамлаштириш ҳамда Давлат тиббий суғуртаси механизмини кенг жорий этишдир. Босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилаётган Давлат тиббий суғуртаси тизими орқали “маблағ муассасага эмас, балки аниқ кўрсатилган тиббий хизмат учун бемор ортидан эргашади” тамойили амалда қарор топмоқда. Кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетининг белгиланиши ҳар бир фуқарога давлат томонидан бепул кўрсатиладиган ёрдам чегарасини аниқ кўрсатиб берди.
Албатта, тиббиёт тизимини тубдан ислоҳ қилиш мустаҳкам ҳуқуқий база ва аниқ, узоқни кўзланган стратегиясиз мумкин эмас эди. Шу боис, соғлиқни сақлаш соҳасига оид ўнлаб фармон ва қарорлар қабул қилиниб, соҳанинг институционал пойдевори қайтадан қурилди. Инсон манфаатларини ҳимоя қилишнинг олий кафолати бўлмиш Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлатнинг аҳоли соғлиғини сақлаш ва сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлашга оид нормалари янада мустаҳкамланди. Бу жараён парламент зиммасига ҳам соҳани қонунчилик жиҳатидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш масъулиятини юклади.
Умуман олганда, сўнгги 10 йилликда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар – бу катта ва машаққатли йўлнинг муҳим ва салмоқли босқичидир. Бугун биз тиббиёт тизими тўлиқ инсон манфаатларига мослашаётган ва инсон қадри ҳамма нарсадан устун қўйилаётган янги даврда яшамоқдамиз.

Албатта, олдимизда ҳали ўз ечимини кутаётган вазифалар, истиқболдаги улкан режалар кам эмас. Парламент вакили сифатида бизнинг бош вазифамиз – соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунчилик базасини мунтазам такомиллаштириш, ажратилаётган бюджет маблағларининг манзилли ва шаффоф сарфланишини таъминлаш ва энг муҳими, халқимизнинг тиббий хизматлар сифатидан розилик даражасини янада оширишдан иборат.
Президентимиз раҳбарлигида изчил давом эттирилаётган бу каби хайрли ва эзгу ислоҳотлар Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун мустаҳкам соғлиқ, узоқ ва фаровон умр кўришнинг бош кафолати бўлиб хизмат қилади.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА