Тиббиёт хабарлари
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги таркибидаги Pharmaceutical Technical University (PTU)да 2026/2027 ўқув йили янги қабул қилинган талабалар учун ташкил этилган таништирув ҳафталиги – "Induction Week" билан бошланди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Агентлик директори Абдулла Азизов, PTU ректори Абдумалик Жуманов ҳамда "De Montfort University" вакиллари сўзга чиқиб, талабаларни университет ҳаётидаги илк қадамлари билан табриклади. Университет нафақат таълим ва диплом олиш, балки мустақил фикрлаш, янги ғояларни шакллантириш, ўз салоҳиятини намоён этиш ва келажакдаги касбий мақсадлар сари интилиш учун муҳим муҳит эканини таъкидлади. Шунингдек, талабаларни университетдаги ҳар бир кунни янги билим ва кўникмаларни эгаллаш учун имконият сифатида баҳолаш, яратилган шарт-шароитлардан самарали фойдаланишга чақирди.
"Induction Week" давомида талабалар PTUнинг миссияси ва ривожланиш стратегияси, таълим жараёни, талабалар ҳаёти ҳамда университетда яратилган имкониятлар билан таништирилди.
Students Union, Student Support Services, талабалар фаровонлиги ва консультация хизматлари, Code of Conduct, академик тартиб-қоидалар ҳамда университет ички тизими ҳақида зарур маълумотлар берилди.
***
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси ва Наркотикларни назорат қилиш қўмитаси мутахассислари томонидан Сурхондарё вилоятидаги даволаш-профилактика муассасаларида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан фойдаланиш ҳамда уларнинг ҳисобини юритиш тартиби ўрганилди.
Жараён давомида тиббиёт муассасаларида ушбу воситалар билан боғлиқ ҳужжатларнинг юритилиши, уларга бўлган йиллик эҳтиёжни аниқлаш ҳамда тегишли ҳисоботларни тайёрлаш ҳолати кўриб чиқилди.
Шунингдек, семинарда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомаласини тартибга солувчи амалдаги талаблар, уларни сақлаш, ҳисобга олиш, фойдаланиш ва ҳисоботини юритиш тартиблари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йилда қабул қилинган 337-сон ва 359-сон қарорлари, шунингдек, ушбу воситалар ва моддалар муомаласи билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш тартибларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Иштирокчиларга ҳужжатларни белгиланган тартибда юритиш, зарур ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этиш ва қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш бўйича амалий тавсиялар берилди. Семинар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, иш жараёнини амалдаги талаблар асосида ташкил этиш юзасидан ҳам тегишли тушунтиришлар берилди.
***
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг таълим олиши, касбий фаолият юритиши ҳамда оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, олий таълим муассасаларида талаба қизлар ва ёш оналар учун муносиб шароитлар яратишга қаратилган эзгу ташаббуслар изчил давом эттирилмоқда.
Шу мақсадда Тошкент давлат тиббиёт университетининг Педиатрия ҳудудида хотин-қизлар ва ёш оналарни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим жараёнида, хусусан, масъулиятли имтиҳон синовларида қулай шароитларга эга бўлишини таъминлаш учун махсус “Она ва бола” хонаси очилди.
Мазкур хона фарзандли бўлган талаба қизларга имтиҳон топшириш жараёнида қўшимча қулайликлар яратиш, гўдакларни парваришлаш ҳамда уларни сут билан овқатлантириш учун зарур бўлган барча шароитлар билан жиҳозланди. Университет раҳбарияти томонидан амалга оширилган ушбу ташаббус хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларга ўз ўқишини оилавий мажбуриятлар билан уйғун ҳолда давом эттириш имконини бериш ҳамда оилавий қадриятларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим амалий қадамлардан биридир.
М.Қосимова, ЎзА