Тиббиёт хабарлари
Хитойнинг Пекин шаҳрида бошланган “SwanX China Oncology Week”да Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази делегацияси ҳам қатнашмоқда.
Хитой Тиббиёт фанлари академияси миллий саратон маркази профессори Ма Фей раҳбарлигида ташкил этилган мазкур нуфузли тадбир Евроосиё ва Осиё мамлакатларининг етакчи онколог-мутахассисларини бир даврага жамлади.
Ҳафталик дастуридан кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш, даволашнинг барча босқичларини самарали бошқариш, инновацион дори воситалари ҳамда илғор диагностика технологияларини жорий этиш масалалари ўрин олган.
Анжуман доирасида Ўзбекистон делегацияси вакиллари ҳам муҳим музокаралар олиб бормоқда. Хусусан, Марказ директорининг режалаштириш ва жамоат саломатлиги бўйича ўринбосари Д.Эгамбердиев халқаро илмий ташаббус муҳокамасида иштирок этиб, кўкрак бези саратонини назорат қилишда сифат назорати (Quality Control) тизимларининг аҳамияти ҳамда бу борадаги халқаро ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Шунингдек, Марказнинг торакал онкология бўлими раҳбари, профессор А.Юсупбеков жаҳон миқёсидаги етакчи “Cancer Innovation” журналида илмий мақолаларни нашр этиш имкониятлари ва унинг “Бир камар — Бир йўл” мамлакатлари учун халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтиришдаги ўрни бўйича музокараларда қатнашмоқда.
Халқаро ҳамкорлик ва илм-фан соҳасидаги бундай амалий ташаббуслар минтақамизда саратон касалликларига қарши курашишнинг сифати ва самарадорлигини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
***
Ўзбекистонда жаҳон даражасидаги ҳужайра технологиялари маркази барпо этилади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Фанлар академиясининг Илғор технологиялар марказида ҳужайра технологиялари ва ҳужайра терапияси бўйича замонавий марказ ташкил этилади.
Марказда Ўзбекистондаги биринчи илдиз ҳужайралар банки фаолият юритмоқда. Унда 1200 дан ортиқ намуна сақланади.
Шунингдек, «Ўзбекистоннинг 1000 геноми» лойиҳаси доирасида 1200 дан ортиқ иштирокчига оид қарийб 10 миллион генетик маркер жамланган.
Biome лойиҳаси ҳужайра технологиялари, геном тадқиқотлари ва клиник тиббиётни ягона платформада бирлаштиришга қаратилган.
***
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Корея ижтимоий хайрия фонди ҳамда KOFIH ташкилоти ҳамкорлигида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида фаолият юритаётган ҳамширалар иштирокида халқаро семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад тиббиёт ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш, профилактик ишлар самарадорлигини янада кучайтириш ҳамда аҳоли ўртасида тиббий саводхонликни юксалтиришдан иборат.
Ўқув машғулотлари давомида иштирокчиларга аҳоли билан самарали мулоқот ўрнатиш, профилактик тавсияларни содда ва тушунарли шаклда етказиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишнинг илғор ва замонавий ёндашувлари ўргатилиб, амалий билим ва кўникмалар берилди.
Бу каби халқаро тренинглар бирламчи тиббий-санитария ёрдами сифатини ошириш ва соҳа ходимларининг салоҳиятини замон талаблари асосида бойитишда муҳим аҳамиятга эга.
***
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳамда IPRP (Халқаро фармацевтика регуляторлари дастури) ҳамкорлигида дори воситаларининг сифати ва биоэквивалентлигини баҳолаш бўйича илғор халқаро ёндашувларни муҳокама қилишга бағишланган IPRP манфаатдор томонлар учрашуви ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад дори воситаларининг сифати ва биоэквивалентлигини баҳолаш борасидаги хорижий тажрибаларни ўрганиш, регулятор фанлар соҳасидаги долзарб масалаларни ҳал этиш ҳамда халқаро миқёсдаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришдан иборат.
Учрашув кун тартибидан қатор муҳим йўналишлар ўрин олган. Хусусан, IPRP ишчи гуруҳларининг сўнгги фаолияти, жумладан, генерик дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларида ишларни тақсимлаш механизмлари, шунингдек, халқаро регулятор шерикликни ривожлантириш истиқболлари кенг муҳокама қилинади.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, мазкур жараёнда фармацевтика саноати вакиллари ва мутахассислари ҳам фаол қатнашиши мумкин. Хусусан, соҳа вакиллари дори воситалари сифати ва биоэквивалентлигига оид долзарб масалалар юзасидан муҳокама учун ўз мавзулари ҳамда таклифларини билдиришлари мумкин.
Моҳигул Қосимова, ЎзА