Тиббиёт хабарлари
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Туркия Республикасининг Дори воситалари ва тиббий буюмлар агентлиги (TİTCK) вакили билан учрашув ўтказди.
Музокаралар чоғида фармацевтика соҳасини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг PIC/S (Pharmaceutical Inspection Co-operation Scheme) халқаро тизимига аъзолик жараёнидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида TİTCK мутахассиси GMP инспекцияларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Хусусан, таваккалчиликка асосланган инспекция тизимини жорий этиш, сифат менежментини такомиллаштириш ва миллий талабларни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш юзасидан амалий тавсиялар берилди. Шунингдек, фармацевтика соҳасини рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар тартибга солиш жараёнларида рақамли платформалар, сунъий интеллект технологиялари ва замонавий IT-ечимлардан фойдаланиш, ҳужжатларни таҳлил қилиш ҳамда инспекция жараёнларини янада самарали ташкил этиш бўйича тажриба алмашди.
Маълумот учун: PIC/S (Pharmaceutical Inspection Co-operation Scheme) – GMP инспекциялари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик тизими бўлиб, унга аъзолик миллий инспекция тизимининг халқаро стандартларга мувофиқлигини тасдиқлайди ҳамда маҳаллий фармацевтика маҳсулотларининг жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини янада кенгайтиради.
***
Миллий тиббиёт марказида 26 ёшли беморда бош миянинг чап чакка (юғулар-тимпаник) соҳасида жойлашган, мия ичига ва бош суяги ташқарисига тарқалган ҳажмли ўсмани олиб ташиш бўйича мураккаб нейрохирургик амалиёт ўтказилди.
Комплекс диагностик текширувлар ва мутахассислар консилиуми хулосасига кўра, ўсмани жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш бемор учун энг мақбул даволаш усули сифатида белгиланди.
Операцияни тажрибали нейрожарроҳ Ғайрат Эшқувватов бошчилигидаги мутахассислар жамоаси амалга оширди. Амалиёт умумий эндотрахеал наркоз остида, замонавий нейрохирургик технологиялар ва юқори аниқликдаги ускуналар ёрдамида олиб борилди.
Жарроҳликнинг асосий мақсади ўсмани максимал даражада олиб ташлаш, мия тўқималарига босимни камайтириш ҳамда беморда кузатилаётган неврологик белгиларни бартараф этишдан иборат.
***
Президентимиз томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ва давлат органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш борасида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида фармацевтика тармоғи вакиллари билан кенг қамровли очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Президентнинг тадбиркорлар билан бўлиб ўтадиган навбатдаги очиқ мулоқотига тайёргарлик доирасида ташкил этилган учрашувларда маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқарувчилари, тиббий жиҳозлар ва тиббиёт буюмлари импортёрлари, шунингдек, хорижий фармацевтика компаниялари ҳамда ишлаб чиқарувчиларининг Ўзбекистондаги расмий ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.
Мулоқотлар давомида фармацевтика маҳсулотлари ва тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиблари, экспертиза жараёнлари, "Дармон" ахборот тизими орқали кўрсатилаётган электрон хизматлар, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий талаблар ҳамда тадбиркорлик фаолиятида учраётган амалий масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази раҳбарияти томонидан тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифлари бевосита тингланиб, ҳар бир масала юзасидан амалдаги қонунчилик асосида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Билдирилган таклифларни тизимли равишда таҳлил қилиш ҳамда уларни амалиётга жорий этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилиши қайд этилди.
Бугунги кунда давлат органлари фаолиятида "халқ билан мулоқот" тамойили қаторида "давлат ва бизнес ўртасидаги очиқ мулоқот" ҳам ислоҳотларнинг муҳим йўналишига айланмоқда. Фармацевтика соҳасида ташкил этилган мазкур учрашувлар ҳам айнан шу тамойилнинг амалий ифодаси бўлиб, тадбиркорлик субъектларини қийнаётган масалаларни жойида муҳокама қилиш, уларнинг таклифларини қарорлар қабул қилиш жараёнига интеграция этиш ҳамда соҳани янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
***
Президентимизнинг 2024 йил 5 сентябрдаги тегишли қарори билан соғлиқни сақлаш тизимида янги молиялаштириш тизими жорий этилди. Бугунга келиб, ушбу ислоҳот ўзининг дастлабки натижаларини бера бошлади.
Буни жорий йилнинг дастлабки олти ойи якунлари ҳам тасдиқлайди. Хусусан, 2026 йилнинг январь-июнь ойларида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 1 млн. 490 минг 126 нафар беморга шифохона шароитида тиббий ёрдам кўрсатилди.
Бунинг учун тиббиёт муассасаларига Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 752,6 млрд. сўм ўтказилди. Натижада минглаб оилаларнинг даволаниш билан боғлиқ молиявий харажатлари давлат томонидан қоплаб берилди.
Ҳудудлар кесимида энг кўп маблағ Самарқанд (105,6 млрд. сўм), Қашқадарё (93 млрд. сўм) ва Фарғона (74,2 млрд. сўм) вилоятларига йўналтирилди. Молиялаштириш ҳажми барқарор ўсиб, июнда энг юқори кўрсаткичга (155,7 млрд. сўм) етди.
***
Президентимизнинг 2026 йил 5 майдаги тегишли фармонида тиббиёт ходимларининг маълумотларини hrm.gov.uz электрон платформаси орқали шакллантириш кўзда тутилган. Бу орқали соҳада фаолият юритаётган барча тиббиёт ходимларига оид маълумотлар ягона электрон базада жамланади ва инсон ресурсларини бошқариш жараёни замонавий рақамли ечимлар асосида ташкил этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигида тиббиёт муассасалари масъул ходимлари иштирокида бўлиб ўтган амалий семинар шу масалага бағишланди.
Тадбирда платформанинг ишлаш тамойиллари, тиббиёт ходимларини унга киритиш тартиби, тизимдан фойдаланиш, инсон ресурсларини бошқаришнинг замонавий ёндашувлари ҳамда янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди.
Қайд этилганидек, тизим ёрдамида тиббиёт ходимлари касбий фаолияти, малака даражаси, сертификатлари, қайта тайёрлаш ва малака ошириш натижалари, меҳнат фаолияти ҳамда бошқа муҳим маълумотлар электрон шакллантирилади. Бу инсон ресурсларини бошқаришнинг замонавий, шаффоф ва самарали моделини амалиётга татбиқ этиш учун замин яратади.
Қолаверса, янги платформа соғлиқни сақлаш муассасаларида кадрлар тақсимотини таҳлилдан ўтказиш, мутахассисларга бўлган эҳтиёжни прогноз қилиш, вакант лавозимларни мониторинг қилиш, ходимлар малакасини баҳолаш, бошқарув қарорларини қабул қилиш учун зарур статистик ва аналитик маълумотларни шакллантириш имконини беради.
Шунингдек, у орқали тиббиёт ходимларининг ҳудудлар бўйича тақсимоти, вакант иш ўринлари, мутахассисларга бўлган эҳтиёж ва кадрлар ҳаракати реал вақт режимида мониторинг қилиб борилади. Платформадан фойдаланиш бепул амалга оширилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА