Тиббий хизмат аҳолига яқинлашмоқда
10 ноябрь – Тиббиёт ходимлари куни
Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул. Шу боис ҳам Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, бошқарма тизимидаги даволаш- профилактика муассасаларида замонавий технологияларга асосланган ташхислаш ва даволаш услублари жорий этилаётгани юрак, буйрак, хуллас, инсон тана аъзолари билан боғлиқ юқори технологияли амалиётларни ўтказиш, инсонларнинг умр кўриш давомийлигини узайтиришда муҳим қадамлардан бири бўлмоқда.

–Давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш соҳасига бўлган эътибори туфайли бирмунча мураккаб, шу вақтга қадар хорижий давлатларда ва пойтахтдаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида амалга оширилиб келинган юқори технологияли даволаш усуллари Сирдарё вилояти, унинг олис ва чекка ҳудудларида ҳам йўлга қўйилмоқда. Бу эса, соғлиғида муаммоси бор, даволанишга муҳтож беморларга юқори технологияли ташхислаш, даволаш хизматларини кўрсатиш имконини бермоқда,– дейди Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, эндоваскуляр хирург Хуршид Ҳакимов. – Энг муҳими, илгарилари сирдарёлик беморлар бу турдаги амалиётлар учун нафақат республика ихтисослаштирилган муассасаларига, хорижга боришган бўлса, эндиликда бунга ҳожат қолмаяпти. Мисол учун айтганда, Сирдарёда буйрак трансплантацияси билан боғлиқ ўтказилган амалиётлар сони 19 дан ошган бўлса, юрак- қон томирларида муаммоси бор бўлган 4108 нафар беморда стентлаш ва каронография амалиёти, чаноқ-сон суягининг емирилиши билан боғлиқ юқори технологик тотал эндопротезлаш амалиёти 250 дан ошди. Ва шу билан бирга, қизилўнгач диафрагма тешиги чурраси билан боғлиқ лапароскопия, тизза бўғими остеоартрозини артроскопия усулида бартараф этиш, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилоят филиалида эса ретроград эндоскопик панкреатохолангиография амалиёти ҳам йўлга қўйилди. Бунинг натижасида ўт тош касаллигининг мураккаб шакллари билан касалланган 10 нафар беморда юқори технологик амалиётлар бажарилиб, уларнинг саломатликлари тикланди.

Қувонарлиси, мазкур муассасага Жаҳон банки Шошилинч тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармасининг 530 минг АҚШ доллар миқдоридаги маблағи ҳисобига энг сўнгги русумдаги ангиография аппарати келтирилди. Бу эса, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилоят ҳудудий филиалида бўлганидек, юрак коронар қон томирларида муаммоси бор, шошилинч тез тиббий ёрдамга муҳтож беморга дастлабки "олтин соат" ичида, яъни 6-10 соат ичида юрак коронар қон томирлар, уйқу артериясида ва оёқ сон артерияларида юқори технологик текширувларни ўтказиш, қолаверса, рентгенэндоваскуляр жарроҳлик амалиёти орқали заруратга қараб беморларнинг юрак-қон томири ва уйқу артериясида ангиопластика ва стентлаш амалиётларини ўтказишга эришилди.

Буларнинг ҳаммаси давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш тизимига бўлган эътибори, соҳа ходимлари учун яратиб берилган кенг имкониятлар самарасидир. Бу эса, ўз навбатида, тиббиётни беморларга яқинлаштириш баробарида аҳолининг соғлиқни сақлаш тизимига ишончи ортишига хизмат қилмоқда.
Энг асосийси, Сирдарёда соғлиқни сақлаш соҳасида аҳоли саломатлигини тиклаш, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида муҳим қадамлар ташланмоқда. Бу борадаги ишни ташкил этишда бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари, у ерда ишлайдиган оила шифокори бошчилигидаги тиббий бригада аъзоларнинг ўрни катта. Чунки, улар иштирокисиз 146 турдаги касалликка ташхис қўйиш ва даволаш, 213 турдагисига бирламчи диагноз қўйиш ва йўлланма бериш, реабилитация, диспансеризация ва профилактика бўйича жуда кўп вазифаларни биргина амалиёт шифокорининг ўзи уддалай олмайди. Бу ишларни ташкил этиш, тор доирадаги мутахассислардан кўра, бирламчи бўғинда ишлайдиган соҳа ходимларидан куч, маҳорат, тажриба талаб этади. Сўнгги пайтларда аҳоли орасида юрак- қон томир касалликлари, сурункали нафас йўли касалликлари, гипертония, эндокрин тизими ва бошқа хавфли касалликлар билан касалланиш кўрсаткичи бошқа вилоятларда бўлгани каби Сирдарёда ҳам ошиб бормоқда.

Ўлим кўрсаткичи ҳам айнан ана шу касалликка чалинган фуқаролар орасида кузатиляпти.
–Касалликлар профилактикасига қаратилган фаолиятимиз жорий йилда янада кенг миқёсда намоён бўляпти. Ўтган давр мобайнида аҳолининг маълум қатламига йўналтирилган мақсадли тиббий кўриклар ўтказилди. Бу эса аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари яхшиланишида бош омил бўляпти,–дейди Сирдарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича биринчи ўринбосари Юсуф Мирхонов.–Бунда ҳудудларда ўтказилаётган аҳолининг саломатлик кўрсаткичини яхшилаш, умр кўриш давомийлигини узайтиришга қаратилган саломатлик акцияларининг ўрни катта бўлмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги "Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан давлат тиббий суғуртаси механизмлари билан боғлиқ ишлар республикада биринчилардан бўлиб Сирдарёда жорий этилгани беморларнинг муассасада даволанган ҳолати, соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар мақсадли ишлатилганини назорат қилиш имконини бермоқда. Қолаверса, давлат тиббий суғуртаси механизмлари доирасида сурункали касалликларга чалинган беморларга алоҳида эътибор қаратилиб, улар учун зарур бўлган дориларнинг бир қисми бепул берилаётгани тиббиётдаги ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди. Бу эса, тиббий хизмат тури, қамрови ва кўлами ошишида жуда қўл келмоқда.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири