Тиббий таълим ва фармацевтика ривожи йўлида муҳим халқаро учрашувлар ўтказилди
Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Отабек Имамов Гери Эван Стивенсон бошчилигидаги АҚШ делегацияси билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар, хусусан, Гарвард ва Бостон университетлари ўртасидаги тиббий ҳамкорлик изчил ривожланаётгани қайд этилди. Томонлар касалликларни эрта аниқлаш, оналар ва болалар саломатлигини асраш, тиббиёт ходимлари малакасини ошириш масалаларини муҳокама қилиб, ҳамкорликни кенгайтириш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқишга келишиб олди.
***
Тошкент давлат тиббиёт университетига Польшанинг Гданьск тиббиёт университети ректори Михал Маркушевский ва Белосток тиббиёт университети ректори Марцин Монюшко бошчилигидаги делегация келди.
Меҳмонлар университет инфратузилмаси ва таълим жараёни билан танишгач, тиббий таълим сифатини ошириш, қўшма илмий лойиҳалар яратиш ва академик алмашинув масалалари муҳокама қилинди. Ташриф якунида Ўзбекистон ва Польша тиббиёт университетлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов «Beyond Health» компанияси вакиллари Фарҳод Шагулямов ва Ян Себастьян Германн билан музокара ўтказди.
Асосий эътибор Ўзбекистонда инновацион пептид дори воситаларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қаратилди. Томонлар GMP стандартларини жорий этиш, дориларни рўйхатга олишни соддалаштириш ва маҳаллий маҳсулотлар экспортини кенгайтириш юзасидан галдаги вазифаларни белгилаб олди.
***
Маҳаллий фармацевтика корхоналарини қўллаб-қувватлаш ва дориларни давлат рўйхатидан ўтказишдаги муаммоларни ҳал қилиш мақсадида онлайн мулоқот ўтказилди.
Унда масъул идоралар ва ишлаб чиқарувчилар иштирок этди. Хусусан, «Bayan Medical»нинг 16 та ва «Samarkand-England Eco-Medical»нинг 56 та дори воситасини рўйхатдан ўтказиш ва муддатини узайтириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Тадбиркорларга ҳужжатлардаги камчиликларни бартараф этиш ва жараённи тезлаштириш бўйича тавсиялар берилди.
М.Қосимова,
ЎзА мухбири