Тезкор тадбирда гиёҳвандлик воситалари аниқланди
"Хавфсиз ва соғлом юрт" кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг учинчи босқичи доирасида Тошкент вилоятида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши қаратилган навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди.
Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси тезкор ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Зангиота туманида яшовчи, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланишда гумонланган шахс қўлга олинди.
Тезкор маълумотлар асосида ўтказилган назорат тадбирлари чоғида гумонланувчи ўзи етиштирган ва қуритган гиёҳвандлик воситаларини 10 та гугурт қутисига муайян миқдорларда жойлаб, шартли харидорга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг Янгийўл тумани ҳудудидаги хонадони кўздан кечирилди. Натижада томорқа, омборхона ва бошқа жойларда шиша идишларга яшириб қўйилган кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситалари аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Зангиота тумани ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА