Тест синовлари муваффақиятли ўтмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 майдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Низом талабларига мувофиқ Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан шу йилнинг 25 июнидан бошлаб Президент мактаблари, хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар, ихтисослаштирилган ва муҳандислик мактабларига кириш имтиҳонлари ўтказилмоқда.
25 июнь куни Президент мактабларига кириш учун тест синовлари ўтказилди. 26 июнь куни эса Хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатларга кириш имтиҳонлари ўтказилди. Айтиш керакки, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида жами 220 та мактаб, жумладан 14 та Президент, 9 та ижод, 202 та ихтисослаштирилган, 2 та спорт мактаби ҳамда Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернат фаолият юритиб келмоқда.
2026/2027 ўқув йилидан қўшимча 21 та мактабда 5 мингдан ортиқ иқтидорли ўқувчи учун янги таълим имкониятлари яратилади. Жумладан, Қашқадарё, Наманган ва Навоий вилоятларида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб филиаллари ташкил этилиб, 5–10-синфларга қабул амалга оширилади. Тошкент шаҳрида хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилиб, тайёрлов гуруҳи ҳамда 1–7-синфларга ўқувчилар қабул қилинади.
Шунингдек, 11 та муҳандислик мактаби, Мирзачўл, Ромитан, Тойлоқ, Ховос, Тошкент ва Сўх туманларида янги ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти йўлга қўйилади.
Ҳужжатлар қабули my.gov.uz ва ariza.piima.uz платформалари орқали 15 майдан 14 июнга қадар амалга оширилди. Спорт, ижод, ихтисослаштирилган мактаблар, Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати ҳамда “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастурига 15 майдан 4 июнгача, Президент мактабларига эса ҳужжатлар қабули 25 майдан 14 июнгача давом этди.
[gallery-30098]
Қабул жараёнларини мувофиқлаштириш мақсадида жорий йилнинг 1 май санасидан “1206” қисқа рақамли Call-марказ фаолияти йўлга қўйилиб, бугунги кунга қадар 100 мингдан ортиқ мурожаатга жавоб берилди. Ҳудудлардаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ташкил этилган штаблар кўмагида эса барча аризаларнинг қарийб 25 фоизи расмийлаштирилди.
Жорий йилги қабул кампаниясида жами 446 минг 530 нафар талабгорнинг ҳужжатлари қабул қилинди. Бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 165 минг нафарга ёки 60 фоизга кўпдир. Таққослаш учун айтиш керакки, 2025/2026 ўқув йилида 281 минг 599 нафар талабгор ҳужжат топширган эди.
Шундан Президент мактабларига 60 минг 169 та ариза келиб тушган бўлиб, бир ўринга ўртача 179 нафар талабгор тўғри келмоқда. Энг юқори рақобат Фарғона вилоятида қайд этилиб, бир ўрин учун 279 нафар номзод даъвогарлик қилмоқда. Ижод мактабларига 8 минг 143 та, ихтисослаштирилган мактабларга 217 минг 407 та, “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастурига эса 31 минг 676 та ариза топширилган.
Президент мактабларига саралаш босқичи 25 июнда ўтган бўлса, иккинчи босқич эса 17 июль куни бир сменада ўтказилади. Тизимдаги ижод, ихтисослаштирилган ва бошқа мактабларга 26 июнь - 3 июль кунлари, спорт мактабларига амалий ва назарий имтиҳонлар 1-10 июль кунлари бўлиб ўтади.
Жорий йилда талабгорлар сони кескин ошгани сабабли республика бўйича жами 126 та катта сиғимли биноларда имтиҳон жараёнлари ташкил этилмоқда. Маълумот учун айтиш керакки, ўтган 2025 йилда имтиҳон ўтказилган бинолар сони 50 тани ташкил этган.
Тест синовлари ўтказиладиган бинолар маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда имтиҳон жараёнларига тайёрланди. Хусусан, бинода совитиш тизими тўлиқ ишламоқда, шунга кўра, бинода салқин харорат мавжуд ҳамда ҳар бир талабгор ўқувчилар сув билан таъминланган.
Президент мактаблари имтиҳонлари Cambridge, ихтисослаштирилган мактаблар имтиҳонлари эса Marshall Cavendish халқаро таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилади. Барча имтиҳонлар очиқлик, шаффофлик ва адолат тамойиллари асосида ўтказилиб, жараёнларни test2026.uz платформаси орқали онлайн кузатиш имконияти яратилади.
Н.Усмонова,
Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА мухбирлари