Тест синовлари белгиланган тартибда ўтди
Андижон вилоятида профессионал таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига ўқишга кириш учун тест синовлари якунига етди.
Тест синовлари барча қулайликларга эга бўлган 3 минг 90 ўринга мўлжалланган тўққизта таълим муассасасидаги биноларда ташкил этилди.
Давлат тест маркази Андижон вилояти бўлими масъулларининг маълум қилишича, ўтказилган тест синовларида вилоят бўйича жами тест топшириши белгиланган 17 минг 361 нафар абитуриентдан 12 минг 446 нафари ёки 72 фоизи иштирок этди. Номаълум сабабларга кўра, 4 минг 915 нафар номзод тест синовларига келмади. Бундан ташқари, 4 нафар абитуриент белгиланган тартиб-қоидаларни бузганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.
Тест синови билан боғлиқ барча жараёнлар белгиланган тартиблар асосида бўлиб ўтди. Ноқонуний ҳолатлар юзасидан мурожаатлар қайд этилмади.
Тест синови давомида хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, абитуриентлар саломатлигини назорат қилиш учун миллий гвардия, ички ишлар ҳамда тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА