Термизий ҳикматлари: асрлар оша етиб келган маърифат сабоқлари
Инсон тафаккури ва маънавий камолотини юксалтиришга хизмат қиладиган илмий-маърифий мерос асрлар ўтгани сари ўз аҳамиятини йўқотмайди. Аксинча, уни чуқур ўрганиш, мазмун-моҳиятини бугунги авлодга тушунарли тарзда етказиш эҳтиёжи янада ортади.
Юртимиз заминидан етишиб чиққан буюк алломаларнинг бой мероси ана шундай маънавий хазинадир. Ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаларидан бири, қомусий олим Ҳаким Термизийнинг илмий-маънавий мероси ҳам бугун кенг ўрганилиб, унинг асарларида илгари сурилган ғоялар замонавий нуқтаи назардан тадқиқ этилмоқда.
Президентимизнинг 2026 йил 24 июлдаги “Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида алломанинг ибратли ҳаёт йўли ва илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, уни халқимиз ва жаҳон ҳамжамияти ўртасида кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Қарорга мувофиқ, шу йил ноябрь ойида Термиз шаҳрида “Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзусида халқаро конференция ўтказилади. Унда маҳаллий ва хорижий олимлар иштирокида алломанинг илмий мероси, ҳадисшунослик, тасаввуф ва ислом тафаккури ривожидаги ўрни атрофлича муҳокама қилиниши кўзда тутилган. Айни пайтда Сурхондарё вилоятида ана шу халқаро анжуманга муносиб тайёргарлик кўрилмоқда.
Бу бежиз эмас. Зеро, Ҳаким Термизий қолдирган илмий мерос нафақат ўз даври, балки кейинги асрлар ислом тафаккури ривожида ҳам муҳим ўрин тутган. Унинг асарларини чуқур ўрганиш, илмий муомалага киритиш ва кенг жамоатчиликка етказиш бугунги тадқиқотларнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.
– Дарҳақиқат, аллома меросини замонавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб этиш бугунги кун талабларидан бири, – дейди Музаффар Жониев, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита котиби. – Чунки илмий манбаларда жамланган билимларнинг кенг аудиторияга етиб бориши, айниқса, ёшлар учун қизиқарли ва тушунарли шаклда тақдим этилиши уларнинг тарихий-маданий меросга қизиқишини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида бу йўналишда муайян тажриба шаклланган. Марказнинг ахборот технологиялари ва мультимедиа бўлими Имом Термизий, термизий алломалар ҳамда Мовароуннаҳр мутафаккирлари меросига бағишланган мақола, видео, аудио ва инфографикалар тайёрлайди. Бунинг учун махсус медиа студия ҳам мавжуд.
Айни жараёнда илмий изланишлар натижаларини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритишга ҳам эътибор қаратилмоқда.
Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан амалга оширилаётган ишлар фақат конференция билан чекланмайди. Қарорда алломанинг “Наводирул усул” ва “Баҳрут-тафсир” асарлари ҳамда илмий меросига оид бошқа манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр этиш, шунингдек, 2026 йил давомида унинг илмий меросига бағишланган туркум рисолаларни тайёрлаш ва чоп этиш белгиланган.
Бу ишлар аллома меросини нафақат миллий, балки халқаро илмий майдонда янада кенг ўрганиш имконини беради. Зеро, академик таржима ва илмий изоҳлар асарларнинг мазмун-моҳиятини турли тиллардаги тадқиқотчиларга етказиш билан бирга, уларни замонавий илмий муомалага янада кенгроқ киритиш учун замин яратади.
Шу ўринда “Термизий ҳикматлари” рукнининг аҳамияти ҳам яққол намоён бўлади. Унда алломалар меросидаги ҳикматларни шунчаки иқтибос сифатида келтириш эмас, балки уларнинг манбаси, мазмуни ва бугунги ҳаётдаги аҳамиятини изоҳлаш муҳим. Телевидение ва радио эшиттиришлари, ахборот материаллари, подкастлар, қисқа видеолар ва инфографикалар орқали ана шу меросни турли аудиторияларга етказиш мумкин.
Айниқса, рақамли ахборот маконида қисқа ва таъсирчан контентга қизиқиш юқори бўлган бугунги шароитда илмий асосланган маърифий материалларнинг ўрни беқиёс. Бунда ҳар бир ҳикматнинг асл манбаси, мазмуни ва тарихий контекстига эътибор қаратилиши унинг тўғри англаниши учун муҳим.
Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан белгиланган тадбирлар ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади. Жумладан, диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Ҳаким Термизий асарлари билимдони” танловини ўтказиш, аллома хотирасига бағишланган маданият ва спорт тадбирларини ташкил этиш ҳам назарда тутилган.
Бугун олдимизда турган вазифа асрлар қаъридан етиб келган илмий-маънавий меросни шунчаки ёд этиш эмас, уни чуқур ўрганиш, асл манбалар асосида мазмун-моҳиятини очиб бериш ва янги авлодга замонавий ахборот воситалари орқали етказишдир.
“Термизий ҳикматлари” ана шу эзгу мақсадни ўзида мужассам этган ташаббус сифатида илм ва маърифатни кенг жамоатчиликка яқинлаштириши мумкин. Асрлар оша қадрини йўқотмаган ҳикматлар эса бугун ҳам инсонни илмга, тафаккурга ва маънавий камолотга чорлашда давом этади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА