Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Термизда япон боғи қурилади

Президент ташрифидан сўнг

Термиз шаҳрида япон боғи, музей, ўзбек-япон миллий таомлари ресторани ҳамда “Япон кўчаси” маданий-туристик мажмуасини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш ишларига киришилди.

Сурхондарё – ўтмиши бой, бугуни фаровон, келажаги порлоқ вилоят. Бу ўлкада қадимда Авесто-Зардуштийлик, Буддавийлик, Ислом динлари шакллантирган диний билимнинг маънавий асослари ривожланган. Меъморчилик, деҳқончилик, ҳунармандчилик, савдо, илм-фан, маданият юксалган гўша сифатида ҳам танилган. Кейинги йилларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари воҳани ҳар тарафлама юксалтириб, фаровон гўшага айлантирмоқда. Жумладан, қадимий ва мафтункор воҳанинг туристик салоҳиятини оширишга қаратилаётган эътибор вилоятни дунёга кенг тараннум этишга қулай муҳит яратмоқда.  

Тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, Сурхондарё илк давлатчилик даврларининг милоддан аввалги 1 мингинчи йилликларида Сополли, Кучуктепа, Таллашқон, Жондавлаттепа, Қизилтепа, Ҳаитободтепа, Ғозимулла, Бандихонтепа каби истеҳкомли қўрғонларга асос солинган, буддавийлик дини воҳанинг қадимги ва илк ўрта асрлари тарихида чуқур из қолдирган, Кушон подшолиги давридан кўплаб археологик ёдгорликлар сақланиб қолган, Ислом дини ривожига беназир ҳисса қўшган буюк мутафаккирларга бешик бўлган макон.

Президентимиз шу йил 26-27 февраль кунлари вилоятга ташрифи чоғида воҳанинг бой туристик салоҳиятидан оқилона фойдаланган ҳолда йилига 1 миллиард долларлик тушум қилиш мумкинлигини алоҳида таъкидлаб, буддизм маданиятига оид Фаёзтепа, Қоратепа, Далварзин, Зурмала каби ёдгорликларнинг туризм салоҳиятини ишга солиш орқали вилоятга Япония, Корея, Хитой, Таиланддан йилига 500 минг сайёҳни жалб этиш имконияти борлиги қайд этган эди.  

Вилоят фаоллари билан йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида Япония турагентлари билан ҳамкорликда туризм маршрутларини ишлаб чиқиб, музей, ўзбек-япон ошхонаси ҳамда Япон боғини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича тегишли топшириқларни бажариш бошланди.

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов япон боғини барпо этиш ва амалга ошириш механизмлари билан танишиб, уни Термиз шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистон – Япония технология университети ҳудудига жойлаштириш таклифини илгари сурди. Лойиҳани мазмунан бойитиш, замонавий меъморий ечимлар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.  

Жанубдаги воҳа тарихини ўрганишда япониялик машҳур олим Кюдзо Катонинг илмий археологик тадқиқотлари муҳим аҳамиятга эга. Юртимизга биринчи марта 1963 йил сайёҳ сифатида келган олим қарийб 30 йил давомида вилоятдаги Далварзинтепа, Эски Термиз ва Қоратепа сингари ёдгорликларида изланиш олиб борди. Термизнинг фахрий фуқароси бўлди. Ўзбекистонни дунёга, шу жумладан, Японияга танитишга қўшган ҳиссаси учун  “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.  

Воҳада буддавийлик маданиятига оид ёдгорликлар ўрганилгач, юқори кўринишдаги бадиий асарлар ва буюмлар топилгани бу дин Сурхондарёнинг қадимги ва илк ўрта асрлари тарихида чуқур из қолдирганини кўрсатади. Марказий Осиёда буддавийликнинг энг машҳур қадимги ёдгорликлари ҳам Сурхон диёридан топилган.  

Термизда бунёд этиладиган кунчиқар мамлакат услубидаги япон боғи, музей, ўзбек-япон ошхонаси, япон кўчаси қадимий шаҳарнинг ўтмишдаги буддавийлик меросини асраш ва япон олимлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қулай муҳит яратади. Ўзбекистон – Япония ўртасида маданий-илмий алоқалар янги босқичда юксалаётганини кенг намоён этиб, воҳанинг ноёб археологик тарихи билан сайёҳларни кенгроқ таништиришга, хорижлик туристлар оқимини кўпайтириб, ҳассос олим Кюдзо Катонинг буддавийлик ёдгорликларини ўрганишдаги ҳиссасини ҳам кенг тараннум этишга хизмат қилади.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири