Термизда янги Педагогика институти ташкил этилди
Вазирлар Маҳкамасининг “Термиз давлат университетининг Педагогика институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиали ҳамда Термиз давлат университетининг педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Термиз давлат университетининг Педагогика институти ташкил этилди.
Институтда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади ҳамда талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қабул қилиш сони ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.