Термизда халқаро улоқ-кўпкари турнири бошланди
Аввал хабар қилганимиздек, Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги Қорабайир отлари маҳорат мактабида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида жамоавий халқаро улоқ-кўпкари турнири ўтказилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 5 августдаги “Сурхондарё вилоятида қорабайир зотли отларни етиштириш ва оммалаштириш ҳамда от спорти турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида ўтказилаётган беллашувда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатларининг олтита жамоаси ўзаро куч синашмоқда.
Бугун халқаро мусобақанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими У.Қосимов маҳаллий ва хорижлик чавондозларни, қўшни давлатлардан келган меҳмонларни, кўпкари шинавандаларини Наврўзи олам ва халқларимизни ягона эзгу мақсад йўлида бирлаштиришга хизмат қилаётган халқаро улоқ-кўпкари ўйинининг бошланиши билан табриклади. Жанубдаги воҳада иккинчи марта ўтказилаётган халқаро турнирнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида фикр юритиб, чавандозлар жамоаларининг ғолиблик шохсупасидан жой олишига омад тилади.
[gallery-11143]
Халқаро турнир низомига кўра, чавандозлар жамоаларининг майдонга тушиши қуръа ташлаш йўли билан очиқ, ошкора аниқлаб олинди. Мусобақа олдидан чавондозларга жамоавий беллашувнинг тартиб-таомиллари тушунтирилди. Ҳакамлар ва жамоалар аъзолари таништирилди. Беллашувни Қирғизистон ва Тожикистонлик чавандозлар жамоалари бошлаб берди.
— Ўйин жуда муросасиз бошланди, – дейди Қозоғистон Республикаси жамоаси етакчиси Жаманқара Самад. – Улоқ-кўпкари бизда ҳам яхши ривожланган. Бу ўйинни халқимиз севиб томоша қилади. Жамоамиз энг моҳир чавандозлардан ташкил топган. Бу бизнинг майдонда ҳалол ўйнаб, совринли ўринни эгаллашимизга ишонч ўйғотмоқда.
Мамлакатимизда йилқичилик, хусусан, қорабайир зотли отларни кўпайтириб, парваришлашга қаратилаётган алоҳида эътибор қадимдан от билан дўст тутиниб келган Сурхондарё вилоятини йилқичиликни ривожлантиришнинг иккинчи ячейкасига айлантираётган бўлса, юртимиз чавандозларини янги-янги марралар сари ундамоқда.
— Бу йилги мусобақада мамлакатимиз шаънини ҳимоя қилиш учун алоҳида ҳозирлик кўрганмиз, – дейди “Ўзбекистон-2” терма жамоаси чавандози Нурназар Ҳамзаев. – Мен Самарқанд чавандозлар мактаби аъзосиман. Сўнгги йилларда юртимизда йилқичиликни, улоқ-кўпкари ўйинларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор бизни мард, полвон аждодларимиз анъаналарини қайта тиклаб, халқаро беллашувларда ҳам муносиб ўринларни қўлга киритиш ва юртимиз довруғини дунёга таратишга куч бағишламоқда.
Турнирнинг тантанали очилиш маросими санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури, эл суйган бахшилар термалари, ҳарбий оркестр мусиқалари ва чавандозларнинг кўргазмали чиқишлари билан якунланди. Халқаро турнирда биринчи ўринни эгаллаган жамоа 100 миллион, иккинчи ўринни қўлга киритган чавандозлар 75 миллион ва учинчи ўрин соҳиблари 50 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади. Шунингдек, қатор номинациялар ғолибларига турнир ташкилотчиларининг қимматбаҳо совғалари топширилади.
Турнир улоқ-кўпкари мухлисларининг олқишлари билан қизғин давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА