Термизда “Талабаликка бағишлов” тадбири бўлиб ўтди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги “Санъат саройи” мажмуасида Халқаро талабалар куни муносабати билан Термиз давлат педагогика институти талабалари ва профессор-ўқитувчилари иштирокида “Талабаликка бағишлов” тадбири ўтказилди.
Тадбирни очиб берган институт ректори Азизбек Ҳасанов таълим соҳасидаги ислоҳотлар, мамлакатимизда ёшларга берилаётган кенг имкониятлар хусусида сўз юритиб, барча талабаларни байрам билан қутлади.
Сўнг талабаликка илк қадам қўйган ёшлар ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлиб етишишга, ота-она олдидаги фарзандлик бурчини унутмаслик, уни тўла адо этиш учун бор билимларини бағишлашга, танланган мутахассислиги бўйича амалий билим ва кўникмаларни мунтазам равишда ўзлаштиришга, ўқув режаси ва дастурларда белгиланган машғулотларни ўз муддатида бажариш ва ўқув машғулотларида доимий равишда қатнашишга, институт ички тартиб-қоидаларига риоя қилишни ўзларининг муқаддас бурчи деб ҳисоблашга тантанали равишда қасамёд қилди.
[gallery-20418]
Ректор биринчи курс талабаларига талабалик гувоҳномасини тантанали тарзда тақдим этди.
Шунингдек, “Йилнинг энг фаол талабаси – 2024” танловининг институт босқичи ғолибларига сертификат ҳамда ваучерлар топширилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида Ўзбекистон давлат филармониясининг вилоят бўлинмаси ходимлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА