Термизда психологлар анжумани бошланди
Бугун Термиз шаҳридаги Санъат саройида “Деструктив хулқ психопрофилактикаси: муаммо ва ечимлар” мавзуига бағишланган воҳа психологларининг биринчи илмий-амалий форуми бошланди.
Унда халқ таълими тизими психологлари, вилоят прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси мутахассислари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси, вилоят ҳокимлиги, Термиз давлат университети, вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир воҳада илк марта ўтказилмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда психология соҳаси бўйича малакали кадрлар тайёрлаш ва амалиётчи психологлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлатимиз, ҳукуматимиз белгилаб олган муҳим йўналишлардан бирига айланди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида психология ўқув-илмий маркази фаолияти йўлга қўйилиб, психолог мутахассислар малакасини ошириш ва ўзаро тажриба алмашиши учун қулай шароит яратилди.

Соҳага эътиборнинг кучайтирилаётгани мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини янада оширишга хизмат қилаётир. Жойларда ижтимоий соғлом муҳитни шакллантириш, ёшлар тарбиясининг таъсирчан механизмларини жорий этиш ҳамда шахснинг маънавий камол топишида муҳим омил бўлмоқда. Шунга мувофиқ кейинги йилларда профилактика инспекторлари ва жамоатчилик вакилларининг таълим муассасаларида ёшлар билан ишлаш тизими йўлга қўйилди. Айни пайтда вилоятдаги умумтаълим мактабларида 1 минг 568 амалиётчи психолог бу борада мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
Ўтказилаётган ушбу тадбир ҳам Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оида давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаб, халқ таълими тизимидаги амалиётчи психологларнинг тажриба ва малакасини оширишга, ёшларнинг турли ёт таъсирларига берилиши юзасидан мафкуравий ҳимоя қилишга, иммунитет тизимини яратиб, муносиб хулқ-атворни шакллантиришнинг психологик моделини ишлаб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Ч.Бегимқулов, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи, подполковник Ш.Саидов, Тошкент шаҳар ИИБ психологик таъминлаш бўлими бошлиғи, психология фанлари номзоди, Подполковник И.Арифходжаева ва бошқалар ана шулар ҳақида атрофлича фикр юритди.
Форум иштирокчилари соҳага оид турли мавзуларда маҳаллий ва пойтахтдан келган тажрибали олимлар, соҳа мутахассисларининг қизиқарли маърузаларини тингламоқда.
Илмий-амалий форум ўн кун давом этади. Тадбир доирасида ўқув машғулотлари ва ижтимоий-психологик тренинглар ўтказилади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА