Термизда миллий қадриятларимиз улуғланган кураш мусобақаси ўтказилди
Президент топшириғи – амалда
Термиз давлат университетида олий таълим ташкилотлари ва техникумлар ўртасида спортнинг кураш тури бўйича мамлакат мусобақаси ҳамда Сурхондарё тажрибасини оммалаштиришга бағишланган Республика семинари бўлиб ўтди.
Президентимиз жорий йил 26-27 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз давлат университетида олий таълим ташкилотлари ва техникумлар ўртасида спортнинг кураш тури бўйича мусобақа ўтказиб, вилоят тажрибасини жорий этиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилган эди.

Талаба ёшлар ва техникумлар ўқувчилари ўртасидаги нуфузли мусобақа олдидан ташкил этилган семинарда иштирокчилар вилоятда спортни, шу жумладан, курашни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Термиз давлат университетида талабаларнинг спорт билан шуғулланиб, бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун яратилган шароитлар кўздан кечирилди.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Термиз давлат университети ректори А.Тошқулов, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Р.Маҳмудов ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, ёш авлодни жисмонан соғлом камолга етказиш юзасидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида атрофлича фикр юритди. Мусобақа иштирокчиларига омад тилади.

– Турнир миллий спортимиз бўлган курашни янада кенгроқ тарғиб қилишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда, – дейди Термиз давлат университети биринчи проректори Обид Шофиев. – Шунингдек, соғлом турмуш тарзини ёшлар ўртасида оммалаштириб, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш кўникмасини мустаҳкамлаш ва иқтидорли полвонларни кашф этиш ҳам мақсад қилинган.

Уч босқичли беллашув низомида олий таълим муассасалари ва техникумлар ўртасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидан 2 тадан, Тошкент шаҳри ва қолган вилоятлардан 1 тадан жамоа иштирок этиши белгиланган. Шунга мувофиқ мусобақанинг илк саралаш босқичида ёш полвонлар олий таълим ташкилотлари ва техникумлар миқёсида гиламга тушиб, ўз кучларини синовдан ўтказди.

Иккинчи босқич Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри таълим муассасалари спортчилари ўртасида бўлиб ўтди.
Термиз давлат университетида 23-25 октябрь кунлари ташкил этилган мамлакат финал босқичида ҳудудий мусобақаларда ғолиб бўлган 16 та жамоа иштирок этди. Унда эркаклар 66, 81 ва +100 килограмм, қизлар 63 ва 78 килограмм, техникумларнинг ўғил болалари 60 ва 73 килограмм, қизлар 57 килограмм вазн тоифаларида гиламга тушди.

– Кураш муросасиз, қизғин баҳсларга бой ўтди, – дейди Шеробод туманидаги 1-техникум ўқувчиси, техникумлар ўртасидаги беллашувда биринчи ўринга сазовор бўлган Назарбек Қудратов. – Мен техникумимиз ўқувчилари ва вилоят мусобақасида 60 килограмм вазн тоифасида ғолиб бўлган эдим. Унинг мамлакат босқичида ҳам гиламга тушиб, барча рақибларимдан устун келдим. Бундай катта даврада илк марта курашга тушганим учунми, андак ҳаяжонландим ҳам. Энг муҳими ўзимга ишончим мустаҳкамланди. Янги дўстлар орттирдим. Мамлакатимиздаги тенгдошларимиз ўртасида бундай беллашувни ташкил этиш бизни янада тоблаб, халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини фахр билан ҳимоя қилиш кўникмамизни оширишга хизмат қилади.

Мусобақанинг олий таълим ташкилотлари биринчи ўрин соҳибларига ўн миллион сўм, иккинчи ўринга 7,5 миллион, иккита учинчи ўринга 5 миллион сўм, техникумлар ўқувчилари ўртасидаги беллашув ғолибларига биринчи ўрин учун беш миллион, иккинчи ўринга уч ва иккита учинчи ўринга икки миллион сўмдан пул мукофоти, медаль ва диплом тантанали топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири