Термизда куз-қиш мавсуми учун табиий газ таъминоти яхшиланмоқда
Термиз шаҳрида истеъмолчиларни қиш фаслида узлуксиз табиий газ билан таъминлаб, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини бир маромда иситишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Олтин кузнинг майин шабадаси зумрад қиш фасли эшик қоқиб, совуқ кунлар бошланишидан дарак бермоқда. Тонг пайтлари мамлакатимизнинг энг иссиқ ҳудудларидан бири - Термиз шаҳрида ҳам салқин ҳаво эсмоқда.

Аслида ёз фасли ўта иссиқ келадиган Сурхондарё вилояти маркази қишда изғиринли совуқ кунлари билан аҳолини беҳаловат қилади. Шамолда электр энергиясининг тез-тез узилиб қолиши истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлади. Табиий газ тизимида бу каби муаммолар юзага келишининг олдини олиш учун тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилашга алоҳида эътибор берилади. Қувурлар таъмирланиб, совуқ кунларда босим пасайиб кетишининг олди олинади.
Шаҳарда бу йилги куз-қиш мавсумини кўнгилдагидек ўтказиш учун юқори ва ўрта босимли қувурларда босим пасайишига олиб келиши мумкин бўлган тармоқларда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

- Воҳада куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш жараёнида Термиз шаҳрида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда, - дейди “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти ахборот хизмати раҳбари Аббос Қодиров. Мақсад вилоят марказида қиш фасли ҳам истеъмолчиларни барқарор арзон ёқилғи билан таъминлашдир. Шу мақсадда ҳозир Жайхун, Юлдуз, Бўстон ва Каттабоғ маҳаллаларини табиий газ билан таъминлайдиган Ибн Сино кўчасидаги Д-219 миллиметрли ер ости ўрта босимли газ қувурида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Газчиларнинг катта меҳнати ва йирик маблағ эвазига бажарилаётган бу иш ҳудуддаги беш минг хонадонга совуқ кунлари ҳам барқарор табиий газ етказиб беради.

Айни пайтда бу ерда 4,5 километр масофадаги табиий газ қувури таъмирланмоқда. Шаҳарда куз-қиш мавсумига ҳозирлик кўриш даврида маҳаллалардаги 17 километр табиий газ қувури тубдан таъмирланиб, истеъмолчиларни ёқилғи билан таъминлаш сифати оширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири