Терма жамоаларнинг тайёргарлик жараёни ўрганилди
"Аичи-Нагоя-2026" ўйинларига тайёргарлик якуний босқичда. Ўзбекистон спорт делегацияларининг сўнгги йиғинларида вазир ўринбосари тайёргарлик жараёни ва шароитларни кўздан кечирди. Ғалаба учун ҳал қилувчи тафсилотлар муҳокамада бўлди.
Мамлакатимиз спорти сўнгги йилларда том маънода жаҳон кашфиётига айланди. Эришилаётган юксак натижалар эса олиб борилаётган ислоҳотлар самараси эканини таъкидлаш лозим.
Айни кунларда Ўзбекистон спорт делегациялари “Аичи-Нагоя-2026” ёзги Осиё ва Пара Осиё ўйинларига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Миллий спортимиз кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳамда пара енгил атлетикачилар Тошкент вилоятидаги “Янгибод” ва “Дукент” спорт базаларида сўнгги ўқув-машғулот йиғинларини ўтказмоқда.
Спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов мазкур спорт базаларида бўлиб, терма жамоаларнинг тайёргарлик жараёни билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида спортчилар ва мураббийлар билан суҳбат ўтказилиб, машғулотларнинг бориши, спортчилар учун яратилган шарт-шароитлар, уларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлиги, шунингдек, дори-дармон ҳамда зарур фармакологик воситалар билан таъминланганлик ҳолати муҳокама қилинди.
Учрашувларда ҳар бир спортчи ва мураббийнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифлари тингланди. Шунингдек, спортчиларнинг ижтимоий ва оилавий шароити, “Аичи-Нагоя-2026” ёзги Осиё ва Пара Осиё ўйинларидаги эҳтимолий рақиблари, мусобақаларга тайёргарлик борасидаги режалари хусусида фикр алмашилди.
Мулоқот давомида спортчиларга яратилаётган шароитларни янада яхшилаш, машғулот жараёнларини самарали ташкил этиш ва мусобақаларга юқори даражада тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
“Аичи-Нагоя-2026” Осиё ва Пара Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиш, юксак натижалар қайд этиш мақсадида терма жамоаларнинг тайёргарлик машғулотлари давом этмоқда.
Шербек Исломов, ЎзА