Теннис: Маҳмудбек Бекназаров ярим финалда ўйнайди
Қирғизистонда Халқаро теннис федерацияси томонидан ўсмирлар ўртасида J60 таснифига кирувчи “Cholpon-Ata Open” турнирида икки нафар теннисчимиз ярим финалга йўл олди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, ушбу мусобақанинг чорак финал беллашувларида 4 нафар вакилимиз иштирок этди. Улар орасида Маҳмудбек Бекназаров нейтрал теннисчи Фелор Евдокимов устидан 6:0, 7:5 ҳисобида зафар қучган бўлса, Никита Ғафуров 6:4, 6:7, 6:2 ҳисобида Тимур Гордеевни (нейтрал теннисчи) таслим этди. Афсуски, ушбу босқичда Алан Зинатулин кутилмаганда Камал Фахретдиновга (нейтрал теннисчи), Абдураҳмон Каримов эса Давид Моглиевскийга (Исроил) имкониятни бой бериб қўйди.
Энди турнирнинг ярим финалида Маҳмудбек Бекназаров – Камал Фахретдинов, Никита Ғафуров – Давид Моглиевский ўртасидаги тўқнашувга гувоҳ бўламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА