Теннис билан шуғулланувчилар сони 3 минг нафарга етказилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 сентябрь куни қабул қилинган “Теннис спорт турини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, 2030 йилгача мамлакатимизда теннис билан доимий шуғулланувчилар сонини 3 минг нафарга, мураббийлар сонини 200 нафарга етказиш режалаштирилмоқда.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 октябрдан Ўзбекистонда теннис бўйича қатор мусобақаларни анъанавий тарзда ўтказишни йўлга қўйиш, пировардида мамлакатимизни Осиёнинг топ-5 талигига киритиш мақсад қилинган.
Белгиланган режага биноан юртимизда Профессионал теннисчилар ассоциацияси (ATP), Аёллар тенниси ассоциацияси (WTA) ва Халқаро теннис федерацияси (ITF) шафелигидаги халқаро мусобақалар ўтказилиши назарда тутилган.
Шунингдек, ёшлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон кубоги, ёшлар, ўсмирлар ва катталар ўртасида Республика чемпионати, катталар ўртасида “Uzbekistan Open” халқаро турнири ҳамда эркаклар ўртасида “ATP Challenger” халқаро мусобақаси ташкил этилади.
Т. Рўзиев, ЎзА