“Темурбеклар” жамоаси ғолиб бўлди
Андижон шаҳрида ҳарбий хизматчилар ўртасида “Заковат” интеллектуал беллашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами олдидан “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида Андижон шаҳридаги ҳарбий қисм ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Андижон вилояти Кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган интеллектуал ўйини бошланишидан аввал сўз олган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Андижон вилояти Кенгаши раиси Ҳамиджон Омонов ва бошқалар тадбир қатнашчиларини яқинлашиб келаётган мустақиллик байрами билан муборакбод этди, интеллектуал беллашув иштирокчиларига омад тилади.



“Заковат” интеллектуал ўйини беллашувида ҳарбий қисм бошқарув груҳининг “Билимдонлар”, 1- ўқчи гуруҳнинг "Темурбеклар”, 2- ўқчи гуруҳининг "Илғорлар” ҳамда махсус вазифаларни бажарувчи гуруҳнинг "Ренесанс” жамоалари ўзаро беллашиб, ўзларининг билим ва маҳоратини намойиш этди.
Қизиқарли ўтган беллашувнинг якуний натижаларига кўра, белгиланган шартлар бўйича энг юқори балл жамғарган “Темурбеклар” жамоаси 1- ўринни қўлга киритди. Ғолиб ва иштирокчи жамоалар Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Андижон вилояти Кенгаши томонидан диплом, фахрий ёрлиқ ва китоблар жамланмаси билан тақдирланди.



“Заковат” беллашуви ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал ва профессионал билим даражасини ошириш билан бирга, уларга байрамона руҳ бағишлади.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА