“Темурбек” китоби тақдимоти ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармасида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан “Буюк темурийлар тарихи ва маданий мероси” лойиҳаси доирасида “Темурбек” китоби тақдимотига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Сўнгги йилларда Амир Темур ва Темурийлар даври меросини ўрганиш, асраш ва татбиқ этиш, Темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамиятини очиб берадиган янги тадқиқотларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратилди.
Маълумки, жорий йилда Президентимизнинг Соҳибқирон таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлашга доир қарорига асосан Амир Темур ва Темурийлар даврини чуқур татбиқ этиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган махсус йўл харитаси тасдиқланди. Хусусан, Темурийлар даврининг 100 нодир қўлёзмаси номли китоб альбомлар, шунингдек, Темур тузуклари асарининг илмий изоҳли матнини бир қатор хорижий тилларда чоп этиб, илмий ва маданий жамоатчиликка тақдим этишга доир вазифалар белгиланди. Бу борада, Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганишда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда рақамли технологиялар вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али муаллифлигида “Темурбек” номли тарихий қисса яратилди.
[gallery-29876]
Китоб тақдимотида Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, офицерлар, сержантлар ва аскарлар иштирок этди.
Тадбирни бошқарманинг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлими бошлиғи Ҳусан Наматов очиб берди. Унда Амир Темурнинг ҳаёти, жасорати, стратегик тафаккури ҳамда Ватанга садоқат руҳидаги қарашлари ҳақида фикр билдирилди.
Китобнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у замонавий технологиялар асосида, сунъий интеллект ёрдамида яратилган иллюстрациялар ва асар якунида буюк саркарданинг авлодларга қарата айтган сўзлари аудио шаклда тақдим этилган.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА