«Темур Туркистон амири» китобининг тақдимоти ўтказилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биносида уюшма аъзоси, ёзувчи Хайриддин Бегматовнинг «Темур Туркистон амири» китобининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид очиб берди. Адабий кечада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Тўлқин Ҳайит, Ҳосият Бобомуродова, Зулфия Мўминова ва бошқалар сўзга чиқиб, Хайриддин Бегматов ҳаёт йўли, ижоди ҳақида мулоҳазалар юритишди. Адибнинг қайта чоп этилган китобида Соҳибқирон тарихи ҳақида кўплаб янги ва асосли маълумотлар борлигини таъкидлашди.

«Темурбек Туркистон Амири» тарихий романи «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси томонидан Қодиржон Қаюмов муҳаррирлигида чоп этилган.
Китоб тақдимоти қўшалоқ байрамга айланиб кетди. Узоқ йиллик тажрибага эга педагог Хайриддин Бегматовга Халқ таълими масъуллари томонидан «Халқ таълими аълочи» кўкрак нишони топширилди.

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА, Хайриддин Бегматов 1950 йил йил 1 октябрда Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги Нишовиддин қишлоғида туғилган. Дастлаб қишлоқдаги ўрта мактабни, кейинчалик Самарқанд Давлат университети ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Сўнг қишлоқ мактабида 50 йилга яқин адабиёт ва она тили фанидан болаларга сабоқ берган.

– Устоз Хайриддин Бегматовнинг чин маънода Нарпай фахри, Амир Темур шахсини абадийлаштиришга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган муносиб ворис, – деди шоира Зулфия Мўминова. – Устоз ҳаёти давомида кўплаб тўсиқларга учради, лекин ортга чекинмади. Асарлари юзага чиқишига ҳаракат қилди. Ижод намуналари ўз ўқувчиларини топди. Педагог сифатида ҳам самимий, илмли ва шогирдпарвар инсон.
Тақдимот сўнгида Хайриддин Бегматов ўз ҳаёт йўли, ижодий фаолияти, асар яралиш тарихи ҳақида сўзлаб берди. Ўқувчиларга асардан парчалар айтиб берди, ўзининг халқона оҳанглар йўғрилган шеърларидан намуналар келтирди.
Д. Маматова, ЎзА