Темирйўлда ташишни ташкиллаштиришга бағишланган машғулот
ФОТОРЕПОРТАЖ
Урганч темирйўл вокзали юк бекатида Нукус темирйўл участкаси шохобчаси ва аэропортининг ҳарбий ҳаракатлар таркибий бўлими томонидан Урганч гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм ҳамкорлигида ҳарбий техникаларни юклаш ва тушириш бўйича машғулот ўтказилди.
Ҳарбий ҳаракатлар чоғида ҳарбий техникаларни бир жойдан бошқа жойга кўчиришда темирйўлларнинг аҳамияти катта. Aлбатта, бундай вазиятларда тезкорлик ва аниқлик талаб этилади. Темирйўлда ташишни ташкиллаштиришга бағишланган машғулот ҳарбий хизматчиларда айни шу жиҳатларни такомиллаштиришга қаратилди.
Машғулот аввалида, ҳарбий хизматчиларга амалий машғулот раҳбарлари томонидан мавзу юзасидан назарий билимлар яна бир бор эслатиб ўтилди. Техникаларни ташиш жараёнида ҳужжатларни тўғри юргизиш, юклаш ва мустаҳкамлаш вақтида керак бўладиган ускуналар ҳамда қоровул таркиби ўрин оладиган вагоннинг жиҳозланиши ва анжомлар тўғрисида маълумот берилди. Сўнг автомашиналарни платформаларга юклаш бошланди.
[gallery-13817]
Машғулот давомида автомобиллар платформаларга жойланди, занжирлар билан мустаҳкамланиб, ниқоблаш ишлари амалга оширилади. Бир сўз билан айтганда, вагонлар белгиланган манзилга жўнаб кетишга тайёр ҳолатга келтирилди.
Ҳарбий хизматчилар белгиланган вазифани ўз вақтида тўғри ва аъло даражада бажарди.
Машғулот юзасидан ҳарбий хизматчиларни қизиқтирган барча саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.
Беҳзодбек САИДОВ (сурат), ЎзА