Темирчилик маҳалланинг "драйвери"га айланди
Президент ташрифидан сўнг
Президентимизнинг шу йил 25-26 март кунлари Наманган вилоятига ташрифида аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, маҳаллаларни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш устувор вазифалар сифатида тилга олинди.
Вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш орқали фуқароларнинг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш, камбағалликни қисқартириш мақсадида “Наманган тажрибаси” сифатида 72 та кичик саноат зонаси ташкил этилиб, “ўсиш нуқтаси”, яъни “драйвер” сифатида ривожлантирилмоқда. Айни вақтга келиб мазкур саноат ҳудудларида умумий қиймати 5,5 триллион сўмлик 909 та лойиҳа ишга туширилиб, 50 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.
Бугунги кунда кичик саноат зоналари ҳудудларнинг мавжуд имкониятидан фойдаланиб, алоҳида ихтисослашув асосида маҳаллаларда шаклланган темирчилик, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, мебелчилик, асаларичилик каби йўналишларида ташкил этилмоқда. Уйчи туманидаги Қумтепа маҳалласи ҳудудидаги ташландиқ ва чуқур бўлган 3,1 гектар майдонда 2021 йилда ташкил этилган темирчиликка ихтисослашган ёшлар кичик саноат зонасида дастлабки босқичда жами 27 миллиард сўмлик 52 та истиқболли лойиҳа амалга оширилиб, 1 минг 550 та янги иш ўрни яратилди.
Қумтепа, Деҳқон, Баландариқ ва Жийдакапа маҳаллаларидаги хонадонларда уста-ҳунармандларга барча зарур шарт-шароит ва имкониятлар ҳозирланди. Мазкур саноат мажмуаси йўл, электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва оқова сув каби барча инфратузилма тармоқлари билан таъминланди. Қолаверса, энергия тежамкор усуллар жорий этилиб, қуёш панелларидан самарали фойдаланилмоқда. Саноат зонасида усталар томонидан темирдан дарвоза, эшик, сўри, панжара ва бошқа металл буюмлар ишлаб чиқарилмоқда. Хомашё Самарқанддаги “Азия металл проф” корхонаси ва Тошкент металлургия заводидан олиб келинади.
Ҳозир темирчилик маҳсулотлари, айниқса, темир дарвозаларга талаб ҳар қачонгидан юқори. Шу боисдан ҳам тадбиркорлар барча вилоятларда ўз савдо уйлари ва ишлаб чиқариш филиалларини очган. Бундан ташқари, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон давлатларига 1 миллион 200 минг доллар миқдоридаги маҳсулотни экспорт қилишга эришилди. Бугун кичик саноат зонасида самарали фаолият юритаётган “Sanlitun” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муҳаммадали Ҳусанов ёш тадбиркорларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликдан беҳад миннатдор.
[gallery-16740]
Боиси, у темирчиликка эътибор яхши бўлмаганлиги сабабли сўнгги олти йил давомида қўшни давлатларда ишлашга мажбур бўлди. Унга ҳунар ўргатган устаси чақируви билан Муҳаммадали 2023 йил февраль ойида юртимизга қайтиб келиб, кичик саноат зонасида фаолиятини бошлади. Ҳозир мустақил равишда шуғулланаётган тадбиркор дарвоза, каравот, тебранма беланчак ва кўп турдаги темирчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариб, етти кишини иш билан таъминлади. Улар орасида ўзи каби мигрантликдан қайтган уч нафар дўсти ҳам бор. Мавсум жараёнида эса ишчилар сони 20 нафарга ортади.
– Маҳсулотларимизни сотишда юртимизнинг барча ҳудудларигача қамров бор. Ҳатто қўшни Марказий Осиё давлатларидан катта қизиқиш билдирилмоқда. Тўй мавсуми яқинлашгани сайин уларнинг кўлами янада ортади. Ишимизда сифат устувор аҳамият касб этади, айни шунинг учун ҳам маҳсулотларимизнинг сифатли бўлишига аҳамият қаратганмиз, – дейди тадбиркор Муҳаммадали Ҳусанов. – Ўтган йилнинг ўзида 2,5 миллиард сўмга яқин товар айланмасига эга бўлиб, 500 миллион сўм соф даромад олдик. Ишчиларимизнинг даромади ҳам шунга яраша, яъни ойлик маош 7-8 миллион сўмни ташкил этмоқда. Энг муҳими, маҳалламизда ишсиз одамнинг ўзи йўқ.
Якка тартибдаги тадбиркор Аброржон Эргашев устазода ҳунармандлар сирасига киради. Темирчилик қонига синган бу йигит ҳунарни отаси Бозорбой акадан болалигиданоқ қунт билан ўрганган. Кичик саноат зонасида темир маҳсулотларига ишлов беришда унинг маҳоратига катта баҳо беришади.
– Саккиз йилдан буён мустақил равишда иш юритиб келаман. Бугунги иш фаолиятимиздан барча мамнун. Негаки, биз яқингача оғир шароитларда ишлардик. Темирчилар учун бўш ерлар мавжуд эмас эди, – дейди Аброржон Эргашев. – Биз ўз хонадонларимизда фаолият юритиб келдик. Ишимиз жараёнидаги юқори шовқин сабабли кўпчилик норизо бўларди. Бунинг устига электр энергиясидан мунтазам узилиб қолиши ҳисобига дастгоҳларимиз паст босимли кучланишда маҳсулот сифатини таъминлай олмасди. Бугун эса фахр билан айтамизки, Қумтепа маҳалламизнинг “ўсиш нуқтаси” – темирчилик саноат даражасига айланди.
Кичик саноат зонасида айни пайтда бошқа ҳудудлардан олиб келинаётган хомашёни маҳаллийлаштиришга эътибор қаратилмоқда. Масалан, КСЗдаги субъектлардан бири “Лидер металл” масъулияти чекланган жамияти томонидан саноат ҳудудида жойлашган тадбиркорларга хомашёни шу жойнинг ўзида етказиб бериш йўлга қўйилди. Бу, ўз навбатида, ҳар бир маҳаллий ишлаб чиқарувчига 100 миллион сўмгача бўлган маблағни тежаш имконини беради.
– Мамлакатимиз раҳбари “Қумтепа” ёшлар кичик саноат зонасидаги ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечириб, темирчи ҳунармандлар билан дилдан суҳбатлашди. Биз мутасаддиларга саноат зонаси майдонидан самарали фойдаланиш, ишсиз фуқаролар, айниқса, ёш йигит-қизларни ҳунарга йўналтириш борасида аниқ ечимлари билан кўрсатмалар берилди, – дейди Уйчи туманидаги “Қумтепа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Нуриддин Дадабоев. – Топшириқлар ижросини сўзсиз таъминлаш мақсадида келгусида кичик саноат зонасида иккинчи босқичда кўзда тутилган ишлар давом эттирилади. Тадбиркор ва ҳунармандларни жалб этган ҳолда яна 45 та лойиҳа жойлаштирилади. Мазкур хайрли ишларни амалга ошириш натижасида “Уста-шогирд” анъаналари асосида 1 минг 330 та қўшимча иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири