"Темир дафтар" аҳолининг нажот дафтарига айланди
Президентимиз 2020 йил 26 февралда ўтказган видеоселекторда вилоят ва туман ҳокимларига аҳолини камбағаллик даражасидан чиқариш ва уларни доимий қўллаб-қувватлаш мақсадида "Темир дафтар" юритиш бўйича топшириқ берган эди.
Ана шу топшириқлар ижроси доирасида Гулистон туманида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Тумандаги 1934 та оиланинг 7678 нафар аъзоси "Темир дафтар" рўйхатига киритилган эди.
Олиб борилган саъй-ҳаракатлар, яратилган иш ўрни ва қўллаб-қувватлашлар натижасида, бугунги кунга келиб "Темир дафтар" рўйхатида турган фуқароларнинг 96 фоизи, ёки 7342 нафари ана шу дафтар рўйхатидан чиқарилди.
Қолган 76 та оиланинг 336 нафар аъзосини "Темир дафтар" рўйхатидан чиқариш, ижтимоий фойдали меҳнат тури билан таъминлаш мақсадида манзилли ва мақсадли ишлар давом эттирилмоқда.
Яқинда ана шу оилаларнинг бир гуруҳига Халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорига асосан "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлинмасининг "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан ёрдам кўрсатилди.
18 нафар фуқарога даволаниш, моддий аҳволини яхшилаш мақсадида 60 миллион 620 минг сўм миқдорида бир марталик ёрдам кўрсатилди.
– Бу борадаги ишлар давом этмоқда, – дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди бош мутахассиси Матлубахон Абдуллаева. – "Темир дафтар" рўйхатида турган Фотимахон Сафарованинг даволаниши учун "Саховат ва кўмак" жамғармасидан 15 миллион сўм, "Мустақиллик" маҳалласида истиқомат қилаётган Қурбонали Каримбоевни тизза бўғими билан боғлиқ касаллиги учун 22 миллион 500 минг сўм пул маблағи ўтказиб берилди. Ҳозир уларнинг аҳволи анча яхши. Даволаш профилактика муассасасида даво муолажаларини оляпти.
Президентимизнинг жорий йил 25 майда қабул қилинган "Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори инсонпарварликка, меҳр-оқибатга, саховатга йўғрилган ишларнинг узвий давоми бўлди.
Унга кўра "Темир дафтар" рўйхатига киритилган фуқароларга ёрдам кўрсатилади. Бир марталик моддий ёрдам олмаган эҳтиёжманд оилаларга, оилаларнинг ҳар бир аъзосига 20 килограммдан ун ёки нақд пул кўринишида моддий ёрдам берилади.
– Қизим Фотимахон болаликдан бетоб, – дейди Гулистон туманининг "Аҳиллик" маҳалласида яшовчи Шаҳноза Абдуқодирова. – Нотўғри қилинган даво муолажаси сабаб шу аҳволда. Шу туфайли у ногиронлар рўйхатига тушиб қолди. Уни соғлигини тиклаш ва даволаш учун "Саховат ва кўмак"дан ёрдам беришди.
Бир сўз билан айтганда давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимоя, ёрдамга муҳтож инсонларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан Сирдарёда яшаётган ана шу тоифадаги инсонлар бирдек хурсанд бўляпти.
ЎзА