Телеком тармоғи ривожи муҳокама қилинди
Рақамли технологиялар вазирлигида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда “VEON Group” компанияси бош директори Каан Терзиоғлу иштирок этди.
Учрашув давомида мамлакатда телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, мобил алоқа тармоқларини кенгайтириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган рақамли хизматлар сифатини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар рақамли хизматларга бўлган талаб тобора ортиб бораётганини таъкидлаб, замонавий инфратузилмани шакллантириш, интернет қамровини кенгайтириш ва юқори сифатли алоқа хизматларини таъминлаш бўйича ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини қайд этди.
Шунингдек, Ўзбекистонда халқаро даражадаги маълумотларни қайта ишлаш марказларини ривожлантириш, тармоқ бошқаруви ва мониторинг тизимларини такомиллаштириш, илғор технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда VEON компаниясининг мамлакат рақамли иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган инвестициялари, инновацион ечимларни жорий этиш ҳамда телекоммуникация соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Бундан ташқари, жорий йил 20–21 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “GSMA M360 Eurasia Mobile World Congress 2026” халқаро тадбирини ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА