ТДТга аъзо мамлакатлар ўртасида шаҳарсозликни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Орифжон Файзиев Бутунжаҳон урбанизация форуми доирасида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг юқори даражадаги шаҳарсозлик мулоқотида иштирок этди.
Мазкур нуфузли тадбир доирасида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида шаҳарсозликни биргаликда ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат шаҳарларни режалаштириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш, “яшил” ҳудудларни кенгайтириш ҳамда аҳоли учун қулай ва хавфсиз яшаш муҳитини яратиш йўналишларида ўзаро тажриба алмашишни назарда тутади.

Тадбирда сўз олган Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев Ўзбекистонда сўнгги йилларда шаҳарсозлик соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади. Хусусан, у “Янги Тошкент” лойиҳаси нафақат мамлакат, балки бутун минтақа учун замонавий ва инновацион шаҳарсозлик намунаси бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Мазкур меморандум туркий давлатлар ўртасида шаҳарсозлик соҳасидаги интеграцияни кучайтириш, илғор технологиялар ва инновацион ёндашувларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА