Тбилисида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Грузия бизнес-форумидан фоторепортаж
Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат ҳамкорлигини янада ривожлантиришга бағишланган Ўзбекистон – Грузия бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг сўнгги 23 йилдаги Грузияга илк расмий ташрифи арафасида ташкил этилгани билан аҳамиятли бўлди.
Форумни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Грузия иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Мариам Квривишвили очиб берди.
Тадбирда икки мамлакатнинг компаниялари, молиявий институтлари, эркин индустриал зоналари, тармоқ уюшмалари ва консалтинг ташкилотларининг қарийб 300 нафар вакили иштирок этди. Форум доирасида Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳияти, мамлакатда хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда иқтисодий ислоҳотлар натижалари тақдим этилди.
Таъкидланганидек, 2017 йилдан буён мамлакат иқтисодиёти икки баробар ўсган. 2025 йилда ялпи ички маҳсулот ўсиши 7,7 фоизни ташкил этган. Шунингдек, хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони қарийб 4 мингтадан 20 мингтага етгани қайд этилди.
Форумда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш, саноат кооперацияси, қўшма ишлаб чиқариш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-30186]
Транспорт ва логистика, жумладан, Ўрта коридор имкониятларидан самарали фойдаланиш, Поти эркин индустриал зонасида савдо-логистика ва ишлаб чиқариш хабини ташкил этиш, фармацевтика, агросаноат, энергетика, электротехника, рақамли хизматлар ва ахборот технологиялари соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар туризм, молиявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш юзасидан ҳам фикр алмашди. Шунингдек, B2B ва G2B форматларида учрашувлар ўтказилиб, қатор инвестиция ташаббуслари муҳокама қилинди.
Форум якунида икки томонлама ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди.
Отабек МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА