Тазйиқ ва зўравонликка қаршимиз
Пойтахтимиздаги “Ёшлик” шаҳарчаси ҳокимлигида “Биз зўравонликка қаршимиз” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Маълумки, хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимоясининг қонунчилик базасини мустаҳкамлаш бўйича мамлакатимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунларнинг қабул қилингани хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаб, уларнинг жамиятдаги ўринини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбирда таъкидланганидек, 2021 йилда мамлакатимизда оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Бироқ бу борада аҳолининг барча қатламларининг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш, хотин-қизларга нисбатан юзага келган стереотипларни ўзгартириш учун жамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва республикада қабул қилинган қонун ҳужжатларини амалда рўёбга чиқариш бўйича кенг кўламли иш олиб бориш зарур.
Тадбирда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари, бу ҳолатларга қарши курашиш, уларнинг оқибатларини юмшатиш бўйича кўриладиган чоралар, амалиёт, муаммолар ва кейинги режалар ҳақида сўз юритилди.

Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА