Татар ва бошқирд халқларининг миллий байрами – Сабантуй тадбирлари ўтказилди
Ўзбекистонда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг ўз миллий урф-одатлари, қадриятлари, миллий байрамлари, анъана ва удумлари бор.
Бундай удумларни бугунги ёш авлод қалбига сингдириш, уларни миллий урф-одатлардан бохабар қилиш мақсадида турли байрам тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги Тошкент шаҳар Марказий боғида татар ва бошқирд халқларининг миллий байрами – Сабантуй тадбирлари ўтказилди.
Ушбу тадбир Тошкент шаҳар Татар жамоатчилик маданий-маърифий маркази, А.З.Валидий номидаги Тошкент шаҳар бошқирд жамоат-маданий маркази ҳамда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ҳамкорлигида ўтказилди.
Боғнинг асосий саҳнасида байрамнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси Қ.Сариев йиғилганларни самимий табриклаб, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида Ўзбекистонда миллий тараққиётнинг мутлақо янги босқичига асос солингани, миллатлараро тотувлик, барча миллат ва элат вакилларининг маданияти, тили, урф-одатларини сақлаш ва ривожлантиришга янада кенг шароитлар яратиб берилганини таъкидлаб ўтди.

Байрамнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар ҳар бир миллат вакилларига ўз миллий урф-одат ва байрамларини бемалол ўтказиши учун барча имкониятлар яратилганини эътироф этишди.
Тадбирнинг бадиий қисмида Ўзбекистон Республикаси, Бошқирдистон, Татаристоннинг етакчи санъаткорлари ва бошқа бадиий ҳаваскорлик жамоалари иштирокида байрам концерти ташкил этилди.

Спортнинг кураш, армстерлинг, тош кўтариш, камондан ўқ отиш турлари бўйича мусобақалар, арқон тортиш, ланка тепиш, қоп ичида югуриш, сувни тўкмасдан югуриш, сомон тўлдирилган қоплар билан жанг, устунга чиқиш, қошиқда тухум олиб югуриш каби миллий ўйинлар ўтказилди.
Қолаверса, байрам дастурида Ўзбекистон, Татаристон ва бошқирдистонлик ҳунармандлар кўргазмаси ва миллий таомлар фестивали ҳам бўлиб ўтди.
Сўлим боғ қўйнида ташкил этилган байрам дастури ва спорт мусобақалари барчага ўзгача кайфият бағишлади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА