Ташқи сиёсат соҳасида йил сарҳисоби
2024 йил мамлакатимиз ташқи сиёсати соҳасида улкан ютуқлар билан ёдда қолди.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилган кўплаб ташаббус, келишув ва ташрифлар, сермаҳсул тадбирлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги мавқеини янада юксалтирди.
Йил давомида юртимизга 140 дан зиёд мамлакатдан олий ва юқори, расмий ҳамда хорижий ҳамкорлар вакиллари даражасидаги 5 мингга яқин хорижий делегация ташриф буюрди.
Ўзбекистон делегацияларининг 130 мамлакатга жами 2200 давлат ташкилотлари вакиллари, вилоят ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари даражасида 3610 марта хизмат сафари ташкил қилинди. Мазкур учрашувлар чоғида алоқаларини янада фаоллаштиришга қаратилган аниқ келишувларга эришилди, самарали таклифлар ишлаб чиқилди, тегишли “йўл хариталари” амалга татбиқ этилмоқда.

Ҳисобот даврида ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегацияларимиз дунёнинг 20 давлатига борди. 53 мамлакат билан 100 дан зиёд музокара, хорижий ҳамкорлар билан ТИВ раҳбари даражасида 400 дан зиёд учрашув ўтказилди.
2024 йил юртимизга 17 мамлакат ташқи сиёсат идораси етакчилари келди. Вазир ўринбосарлари ва Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили бошчилигидаги делегацияларимиз 18 мамлакатга ташриф амалга оширди, 300 га яқин музокара ўтказди.
Ўтган йил давомида 22 мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари билан сиёсий маслаҳатлашувнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди. Ҳозирги кунда иқтисодий дипломатия фаолиятимизнинг устувор йўналишига айланган. Айни йўналишда глобал ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган 6 000 дан ортиқ турли даражадаги тадбир уюштирилди.
Элчихоналаримиз томонидан хорижда 100 га яқин, республика ҳудудларида 700 дан зиёд хорижий компания иштирокида 50 дан зиёд бизнес-форум ташкил қилинди.
Жиззах, Фарғона, Андижон, Навоий, Тошкент, Хоразм вилоятларида хориж инвестицияси иштирокида 6 та саноат парки ташкил этилди. Чет элдаги элчихоналаримизнинг республикамиздаги 14 ҳудуди, 208 шаҳри ва тумани билан тўғридан-тўғри ишлаш амалиёти жорий этилди.
Вилоятлар ва тадбиркорлар делегациялари турли мамлакатларга 100 га яқин ташриф амалга оширди.
Ҳудудларнинг инвестициявий, маданий ва сайёҳлик имконияти билан танишиш мақсадида Тошкентда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус раҳбарларининг вилоятларга ташрифини уюштириш амалиёти йўлга қўйилди.
Хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз ташаббуси билан Вьетнам, Миср, Индонезия, Ўмон, Кувайт, Япония, Жанубий Корея, Исроил, Польша ва Буюк Британияда савдо уйлари очилди.
Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни янада мустаҳкамланишида ҳамкорлар билан тузилган халқаро шартнома ва битимлар алоҳида аҳамият касб этади. 2024 йил мамлакатимиз 278 та икки ва кўп томонлама халқаро ҳужжатлар имзоланган ва тасдиқланган.
Давлат ички процедураларини амалга ошириш талаб этиладиган 25 та халқаро шартнома юзасидан ички талаб бажарилиб, кучга киритилган.
Йил давомида Ўзбекистон 12 мамлакат билан дипломатик алоқа ўрнатди, жами ҳамкор мамлакатлар сони 156 тага етди.
Конституциямизнинг 22-моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, ташқарида ҳам фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиши ва ҳомийлик остига олиши кафолатланган.
2024 йил ТИВ ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар ҳамда консуллик муассасалари томонидан фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилиш, ватандошлар билан мулоқотни мустаҳкамлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Консуллик-ҳуқуқий фаолият доирасида 240 000 дан зиёд Ўзбекистон фуқаросига консуллик хизмати кўрсатилди. 7 964 нафар ҳамюртимизни чет элда иш билан таъминлашга кўмаклашилди, хорижда моддий жиҳатдан мураккаб вазиятда қолган 5 500 нафарга яқин ватандошимизга моддий ёрдам кўрсатилди. 200 дан зиёд хорижда қийин вазиятга тушган, яъни одам савдоси қурбони бўлган ёки ишсиз, боқувчисиз қолган ва бошқа мураккаб аҳволдаги фуқароларимиз Ватанга қайтарилди, 8 000 га яқин ўзбекистонлик вақтинча сақлаш муассасаларидан олиб чиқилди. Паспорти иш берувчи томонидан ноқонуний тарзда олиб қўйилган 2 733 юртдошимизга шахсини тасдиқловчи ҳужжати қайтарилди. 20 нафарга яқин одам савдоси қурбони бўлган фуқарога ёрдам берилди.
Хориждаги ватандошларимиз иштирокида ўтказилган 4 800 тадбирда 500 мингга яқин одам иштирок этди. Жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 200 000 дан кўп мурожаатнинг 18 280 таси Вазирлик Консуллик-ҳуқуқий департаментига, 196 501 таси чет элдаги ваколатхоналаримизга юборилди. Барча масалалар ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиб, тегишли фуқароларга вақтида тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.
2024 йил мобайнида 346 724 нафар чет эл фуқаросига Ўзбекистонга кириш визаси расмийлаштирилди.
М.Пирматова тайёрлади.
ЎзА