Ташқи дипломатия
ЎзА ушбу рукнда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихона ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш орқали иқтисодий дипломатияни юксалтириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Хитой: 2026 йил 7 сентябрь куни “Марказий Осиё – Хитой” шаклида ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирлари учрашуви бўлиб ўтди. Тадбир давомида хавфсизликни таъминлаш, трансмиллий жиноятчилик, терроризм, экстремизм, гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланиши ҳамда кибер жиноятчиликка қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди.
ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Меҳмонлар Фужоу шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларини тайёрлаш ва уларнинг касбий малакасини оширишга мўлжалланган ўқув маркази очилиши маросимида ҳам иштирок этди.

Беларусь: Беларусь Миллий техника университети ректори Сергей Харитончик билан учрашув бўлиб ўтди. Муҳокама давомида асосий эътибор илмий-техник ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди.
Очиқ мулоқот давомида 2018 йилдан буён изчил давом этиб келаётган муваффақиятли қўшма фаолият натижаси ҳам сарҳисоб қилинди.

Буюк Британия: “MBF Academy” томонидан Лондондаги элчихонамиз кўмагида Ўзбекистоннинг нуфузли суғурта ташкилотлари раҳбар ходимлари учун ўқув курси, тренинг ва семинар ташкил этилди.

Франция: Париждаги элчихонамиз ташаббуси билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика тез тиббий ёрдам маркази ҳамда Франциянинг “AP-HP International” ташкилоти вакиллари ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди. Мулоқот давомида ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан қўшма лойиҳалар амалга ошириш истиқболи муҳокама қилинди.

Сербия: Белград шаҳрида Ўзбекистон – Сербия иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг икки томонлама муносабат тарихидаги илк йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда савдо-иқтисодиёт, инвестиция каби муҳим соҳаларда шериклик кўламини янада кенгайтириш масаласи кўтарилди.

Япония: Ўзбекистоннинг Токиодаги элчихонасида “Seeds Asia” компанияси раҳбари Э.Цунозаки ва таниқли опера хонандаси Н.Хираока билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида ўзбек-япон маданий ҳамкорлигини янада ривожлантириш, санъаткорлар ўртасида ижодий алоқа кўламини кенгайтириш ҳамда қўшма маданий тадбирлар ташкил этиш мавзулари таҳлил қилинди.
Фардона Яхшибоева, ЎзА